Совғабоп буюмлар океанортида ҳам харидорини топмоқда

10:45 27 Январь 2025 Жамият
120 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “NOOR PAlACE” меҳмонхонасидаги мўъжаз кўргазмадан Бухорода тайёрланган бежирим лаган ўрин олди. У дунёнинг турли гўшаларидан ташриф буюрадиган океанорти меҳмонларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятидан дарак бериб турибди.

— Латун, яъни асосан мис ва руҳ қотишмасидан ясалган ва чиройли қутига солинган бу лаган ҳунармандлар билан ҳамкорлигимиз натижасидир, — дейди Бухоро шаҳридаги Ибн Сино маҳалласида яшовчи Лазизбек Аслонов. — Биз халқ амалий санъатининг шу каби намуналарини буюртма асосида замонавий ахборот технологиялари воситасида Самарқанд, Тошкент, Хива каби шаҳарларга, шунингдек, хорижий давлатларга ҳам етказиб бераяпмиз. Бевосита фаолиятимга тўхталадиган бўлсам, мана, саккиз йилдирки, кулолчилик ва ганчкорликни уйғунлаштирган ҳолда совғабоп буюмлар тайёрлаш билан шуғулланиб келаяпман. Ҳозиргача юздан зиёд турдаги шундай маҳсулотларни яратишга муваффақ бўлдим.

Лазизбек учун асосий хомашё сақич лой саналади. Биз кўриб одатланган кулоллардан фарқли тарзда у замонавий усуллар асосида ишлайди. Фантазияни ишга солади. Бежирим совғабоп қутиларни ясаш ҳадисини ҳам олган. Атрофига ўндан зиёд маҳалладошини, асосан, талаба-ёшларни тўплаган. Улар дарсдан сўнг ҳунарманднинг яқин кўмакдошига айланишади. Ҳам ҳунар ўрганишади, ҳам дурустгина маош олишади. Совғабоп буюмларда қадимий ёдгорликларимиз, юртимизнинг бетакрор табиати ўз аксини топаяпти. Лазизбек кўраётган соф фойда эса ойига 25-26 миллион сўмни ташкил этмоқда.

— Фаолиятимизни кенгайтириш ниятидаман, — дейди Л. Аслонов. — Янада кўпроқ ёшларга шу ҳунар сир-асрорларини ўргатмоқчимиз. Шу мақсадда банкдан 100 миллион сўм миқдорида кредит олиш саъй-ҳаракатидаман. Кулолчиликнинг бу замонавий усулини маҳалламиз брендига айлантириш асосий ниятимдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?