Трамп ноқонуний мигрантларни сақлаш учун АҚШдан ташқарида 30 минг ўринли қамоқхона қурдирмоқчи

16:06 31 Январь 2025 Дунё
137 0

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдан депортация қилинганларни сақлаш учун Кубада жойлашган Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасида 30 минг ўринли қамоқхона лагери қуришни буюрди, деб хабар бермоқда «The Washington Post» нашри.

Хабарга кўра, қамоқхонага мамлакатдаги ноқонуний мигрантларга қарши курашиш компанияси доирасида ушланган чет эл фуқаролари юборилади. Уларнинг ватанларига қайтиши ёки бошқа мамлакатга юборилиши ҳал этилмагунча ўша қамоқхонада сақлаб турилиши режалаштирилган.

«АҚШдаги ноқонуний мигрантларнинг баъзилари жуда ёмон, бошқа давлатлар уларни ушлаб туришига ишонч йўқ. Уларнинг АҚШга қайтиб келишини хоҳламаймиз, шунинг учун биз Гуантанамодаги қамоқхонани ишга туширамиз ва уларни ўша ерга юборамиз», — дейди Трамп.

Бундан ташқари, АҚШ Иммиграция ва божхона хизматига депортация қилиниши кутилаётган 40 мингга яқин муҳожирни ҳибсга олиш ҳуқуқи берилган. Аммо АҚШдаги энг катта қамоқхоналар ҳам тахминан икки минг маҳбусни сиғдира олади.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам Трамп қурдирмоқчи бўлган қамоқхона депортация қилинганларни сақлаб туриш учун энг мукаммал жой эканлигини таъкидлаган.

Гуантанамодаги қамоқхонада ишловчи ходимнинг айтишича, депортация қилиниши керак бўлган маҳбуслар оғир жиноят содир этганлар билан бир камерада сақланмайди. Аксинча, лагернинг мақсади «вақтинчалик транзит» бўлиб, АҚШ расмийлари ҳужжатларни тўлдириб, маҳбусларни ватанларига ёки бошқа мамлакатга жўнатгунга қадар вақтинчалик ушлаб туриш учун хизмат қилади.

Маълумот учун, шу вақтгача Гуантанамода жойлашган АҚШ қамоқхонасида террорчилар ва оғир жиноятлар содир этган шахслар сақлаб келинаётган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?