Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим

12:39 22 Ноябрь 2025 Сиёсат
108 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, камбағаллик фақат даромади паст оилаларнинг эмас, балки шу ҳудудда яшаётган ўзига тўқ аҳолининг ҳам умумий ташвиши ҳисобланади.

Камбағал оилалар камайиб, фаровонлик сари биргаликда дадил қадам ташланса, бу жамият тараққиёти ва аҳоли манфаати учун муҳим аҳамият касб этади. Қайси мамлакатда илму маърифатга, маданиятга, фан ва таълимга эътибор юқори бўлса, ўша жойда тараққиёт юз беради, бадавлат оилалар кўпаяди. Чунки илмли одам ишли бўлади, ишли одам эса даромадлидир.

Бинобарин, мамлакатимизда камбағаллик тушунчаси узоқ йиллар расмий давраларда тилга олинмади. “Эҳтиёжманд оилалар”, “кам таъминланган”, “боқувчисини йўқотган” каби иборалар орқали ифодалаб келинди. Бироқ вазият ўзгаргани йўқ. Касални иситмаси ошкор қилаверди.

Президент Шавкат Мирзиёев илк бор юқори минбардан бу масалага алоҳида тўхталиб, уни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди. Бугун эса “камбағалликни қисқартириш” тушунчаси халқ орасида кенг тарқалиб, умумхалқ ҳаракатига айланди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш энг муҳим вазифа эканини бот-бот таъкидлаб келмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2020 йилда 23 фоиздан 2024 йилга келиб 8,9 фоизга, 2025 йил якунида эса 6 фоизга тушиши кутилмоқда.

Бугун дунёда рўй бераётган мураккаб ва таҳликали вазиятга қарамай, мамлакатимизда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айланди. Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ўз ифодасини топмоқда. Ўтган тўққиз йилга назар ташлар эканмиз, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ишлар устуворлик касб этаётир.

Айниқса, маҳаллаларда иш кўлами жуда кенг. Барча саъй-ҳаракатлар оилалар даромадини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилмоқда. Эътиборли жиҳати, маҳаллабай ишлаш тизимига ўтилгач, бирорта ҳам оиланинг эътибордан четда қолмаслиги таъминланди. 9 мингдан ортиқ маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” ташкил этилгани боис аҳоли ва раҳбарлар ўртасидаги мулоқот енгиллашди. Ҳар бир маҳаллада туман ҳокимининг вакили — ҳоким ёрдамчилари фаолият олиб бораётгани ҳам ислоҳотлар шиддатини янада оширди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилгани, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқаргани, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий ва кўркам кўринишга эга бўлгани айтиб ўтилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга соҳа мутасаддилари масъул қилинди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратиляпти. Яратилган имкониятлар ҳисобига 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослаштирилди. 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани натижасида 1,5 миллион оила даромадли бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилгани алоҳида таъкидланди. Бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришилгани айтилди.

Мамлакатимизда еттита устувор йўналишни ўз ичига олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури фаол амалга оширилмоқда. Бунда камбағал аҳолини фақат ишга жойлаштириш билан муаммо ечилмайди. Балки барқарор иш ўринлари, одамлар мунтазам даромадга эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди. Эътиборлиси, давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмак бўлмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, шу йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оилалар аъзолари доимий иш билан таъминланди.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва нуфузли молия институтлари фаол иш олиб боришмоқда. Бу борада Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича 5 миллиард долларлик лойиҳалар тузилгани аҳамиятга молик.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, камбағал оилалар реестрининг жорий қилиниши мазкур оилалар билан манзилли ишлаш имкониятини бермоқда. Бу эса мазкур аҳоли қатламини ижтимоий-иқтисодий йўналишда қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва имтиёзлар яратишда қўл келяпти.

Жорий йилнинг 9 ойида “Индивидуал режалар” асосида 446 мингта оилага камбағалликдан чиқаришга қаратилган 755 мингта хизмат кўрсатилди. Бунда улар доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорликка жалб қилинди ва касб-ҳунарга ўқитилди. Натижада 311 мингта оила ёки 1,3 млн. нафар аҳолининг расмий даромади ва моддий-мулкий аҳволи яхшиланиб, улар камбағалликдан чиқарилди.

Оилаларни камбағалликдан чиқаришда уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини даромадли иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, республика бўйича реестрга киритилган жами оилаларнинг 62 фоизи камбағалликни қисқартиришга қаратилган хизматлар билан қамраб олинди. Бугунги кунда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 328 мингта микролойиҳа амалга оширилган бўлса, шундан 82 мингта лойиҳада камбағал оилаларнинг 123 минг нафар аъзоси ташаббускор ёки банд қилинган шахс сифатида иштирок этди.

Президентимиз томонидан Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартириш бўйича 32 та йўналишдаги янги ёндашувларни жорий этиш топшириғи берилган. Унинг доирасида банклар кўмагида “Компания — кооператив — деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 484 та кооператив ташкил этилиб, 16 минг нафар камбағал оила аъзолари жалб қилинди. 740 та оғир маҳаллада нодавлат оилавий боғчалар очилди, камбағал оила фарзандларининг қизиқишлари асосида 153 минг ўқувчи қўшимча тўгаракларга қатнамоқда.

Камбағал оилалар реестридаги 503 минг нафар фуқаро билан “ижтимоий шартнома” имзоланди. Реестрдаги 2 млн. 300 минг нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 240 минг нафари амбулатор, 23 минг нафари стационар шароитда даволанди. “Бошқарув сервис компаниялари” томонидан кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш ва яшил ҳудудлар ташкил қилишга 3,6 минг нафар камбағал оила аъзолари жалб этилди.

Юртимиздаги кўплаб камбағал оила аъзолари даромадли иш билан банд қилиниб, қўли пул кўрмоқда, дастурхонига файз, рўзғорига барака кирмоқда. Бу қут-барака янада унумлироқ ишлашга, фаровонлик сари интилишга чорлаяпти. Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида инсон қадрини ошириш, аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишга қаратилган. Зеро, Ўзбекистонда жорий этилган камбағалликдан пул билан эмас, балки ақл-идрок, билим ва салоҳият билан чиқиш тамойили ҳар жиҳатдан ўзини оқламоқда.

Марат ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва

бандлик вазирининг биринчи ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер