Ранг-баранг тасвирларда — ислоҳотлар одимлари
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинари ўтказилди. Унда ижодий уюшманинг кенгаш аъзолари, ҳудудий бўлимлари раҳбар ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Тадбир аввалида кўҳна шаҳар тупроғида мангу қўним топган улуғлар мақбараси зиёрат қилинди. Янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига борилиб, бу ерда амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишилди.
Семинарда Президентимиз томонидан 16 февраль куни қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан жорий йилга мўлжалланган устувор ислоҳотлар йўналишлари белгилаб берилгани таъкидланди.

— Фармон ва у асосида тасдиқланган дастурга кўра, жорий йилда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилади, — деди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов. — Бундай кенг кўламли иш нафақат ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар, давлат органларига, балки барча ташкилотлар, ижодий уюшмалари ва ҳар бир фуқаро зиммасига улкан масъулият юклайди. Бу ўзгаришлар ва уларнинг аҳамиятини халқимизга кўрсатиш, бутун дунёга намоён этишда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг муносиб ўрни, фаол позицияси бўлиши лозим. Шунинг учун йил аввалида сизлар билан учрашиб, бу борадаги вазифаларимизни белгилаб олишга қарор қилдик.


Тадбирда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу жараёндан юртдошларимизни тасвирий воситалар орқали кенг хабардор этишда “Тасвирий ойина”нинг ўрни муҳим экани таъкидланди. Шу билан бирга ташкилот олдида турган вазифалар ва уларнинг ижросида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритилди.



Шунингдек, ижодий уюшма томонидан 2025 йилда амалга оширилган лойиҳалар таҳлил қилиниб, 2026 йил давлат дастури асосида режалаштирилган вазифаларни самарали амалга ошириш усуллари муҳокама қилинди. Ижодий уюшма ҳудудий бўлимларининг энг яхши ишлари намойиш этилиб, илғор тажрибаларни оммалаштиришга қарор қилинди. Жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ва яна қатор алломалар, адиблар юбилей саналари кенг нишонланиши муносабати билан тайёрланиши керак бўлган тарғибот материаллари, уларнинг намуналари келишиб олинди.



Семинарда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар келгусида соҳани ривожлантириш, жойларда маданий-маърифий ишларни кучайтириш ҳамда тасвирий тарғибот воситаларининг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.


“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг