Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди

20:27 26 Ноябрь 2025 Сиёсат
189 0

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали сўзлашиб, уни тарихий ғалаба билан табриклади.

«Жавоҳир, болам мен ана сенинг буюк ғалабанг билан табриклайман. Ўзбек фарзанди, янги Ўзбекистон нимага қодир эканини дунёга тараннум қилганинг учун мен фахрланаман. Илоҳим, мана шу ютуқларинг бардавом бўлсин. Ота-онанг, боболаринг қандай хурсанд бўлса, мен ҳам хурсанд бўлдим. Илоҳим, яхши кунларингда шерик бўлай. Бу ҳаммамизга ғурур бағишлайди. Мен сендай фарзандим борлигидан яна бир марта фахрланаман», дейди давлат раҳбари.

Жавоҳир Синдоров ҳам Президентимизга миннатдорлик билдирар экан, бу натижалар ўзбек шахматида ҳали бошланиши эканини мамнуният билан қайд этди.

Аввалроқ Олимпия шаҳарчасидаги стадионда давлатимиз раҳбари «Президент олимпиадаси» мусобақасининг тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлаётиб, шахмат бўйича Жаҳон кубогида ғалаба қозонган Жавоҳир Синдоровни табриклаган эди.

«Мана менга янги хушхабар келди. Ҳозирги дақиқаларда яна битта хушхабар: 19 яшар ватандошимиз Жавоҳир Синдоров Ҳиндистонда ўтаётган жаҳон кубогининг ғолиби бўлди. Жавоҳир финалда хитойлик Вэй Йни ютиб, 2026 йилдаги Жаҳон чемпионатининг чемпионлигига даъвогар бўлди. Ҳамма айтган гапларимизнинг тагида замин борлигидан яна битта далил десак ва Жавоҳир қаҳрамонимизни яна бир марта олқишласак», деганди Президентимиз.

Ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубоги – 2025 финалида ғалаба қозониб, дунё шахмат тахтининг янги чемпионига айланди.

Финал баҳсида Синдаров Хитой вакили Вэй И билан ҳал қилувчи дуэлга чиқди ва қора доналарда ишончли ўйин намойиш этиб, рақибини мағлубиятга учратди. Шу тариқа, у Жаҳон кубогининг бош соврини 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотни қўлга киритди. Энг муҳими, бу ғалаба унга 2026-йилги Номзодлар турнирига расмий йўлланмани ҳам тақдим этди. Бу шахмат оламида энг юксак марралардан.

Шунингдек, Жавоҳирнинг ушбу натижаси Ўзбекистон шахмат мактабининг кучини яна бир бор исботлади. Қайд этиш жоизки, бундан 21 йил аввал Рустам Қосимжонов ҳам Жаҳон кубоги соҳиби бўлиб, тарихга кирган эди. Бугун эса Жавоҳир Синдаров ана шу фахрли анъанани давом эттирди.

Муросасиз баҳсларда кечган ўйинга қисқача тўхталмасак бўлмайди. Тай-брекнинг биринчи партиясида Вэй И 30-юришда жиддий хатога йўл қўйди. Бироқ вазият мураккаб бўлгани боис, Жавоҳир ютуққа элтувчи ягона вариантни дарҳол топа олмади ва партия дуранг билан якунланди. Шунга қарамай, асосий қарама-қаршиликда Синдаров ўзини қўлга олди, рақибининг заиф нуқталарини топди ва қатъият билан ғалабани қўлга киритди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?