«Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
2026 йил бошида интернетда қорли саҳролик бағрида ёлғиз пингвин тоғлар томон одимлаётган қисқа видео кутилмаган тарзда глобал мемга айланди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу лавҳани «Нигилист пингвин» деб атаб, уни ҳаётдан чарчаш, ёлғизлик, сукутдаги исён ва маъно излаш каби ҳиссиётлар рамзи сифатида қабул қилмоқда.
Секин, аммо қатъий қадамлар билан олға юраётган пингвин кўплаб инсонларга ўз ҳолатини эслатди: муаммолардан жимгина узоқлашаётгандек, ҳеч кимга изоҳ бермасдан йўлда давом этаётгандек. Шу боис мазкур видео ҳазиломуз изоҳлар билан бирга, чуқур ва ғамгин маънолар юкланган мем сифатида кенг тарқалди.
«Нигилист пингвин» нима дегани?
Бу ибора ҳаёт маъносиздек туюлаётган, чарчаган, ҳамма нарсадан безган инсон ҳолатини рамзий ифода қилади. Интернетда тарқалган видеода пингвин колониясидан ажралиб, ҳеч қаерга олиб бормайдиган томонга, тинч, шошилмасдан юриб кетаётгандек кўринади.
Айнан шу ҳаракат одамларга «ҳаммасидан бездим», «нима бўлса бўлар», «маъно қолмади», деган кайфиятни эслатган бўлса ажаб эмас. Нигилизм — ҳаётдаги қадриятлар, маъно ва мақсадларни инкор этишга мойил қараш. Шу боис ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу пингвинни нигилист деб атай бошлади.
Видео қачон ва қаерда тасвирга олинган?
Аслида интернетда мем бўлган видео янги эмас. У 2007 йилда немис режиссёри Вернер Ҳерцог суратга олган «Encounters at the End of the World» номли ҳужжатли фильмдан олинган. Кадрларда Адэли пингвини ўз колониясидан ажралиб, тахминан 70 километр ичкарига — океан йўқ, фақат муз, қор ва тоғлар томон юриб кетмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, пингвинлар одатда денгизга яқин ҳудудларда ҳаракатланади. Ичкари томон якка ҳолда юриш бу тур учун ноодатий ҳисобланади. Вернер Ҳерцог ушбу ҳолатни «ўлим марши» деб таърифлаган ва пингвиннинг тирик қолиши эҳтимоли жуда пастлигини айтган.
Нега айнан ҳозир мемга айланди?
2026 йилга келиб, видео яна ижтимоий тармоқларда кенг тарқала бошлади. TikTok, X, Instagram ва бошқа платформаларда фойдаланувчилар пингвинга турли изоҳлар қўшиб, уни ҳаётдан маъно қидираётган, ҳамма нарсадан воз кечгандек образда тасвирлади.
«У ниманидир билади», «муаммоларимдан узоқлашаётган пайтим», «ҳаммаси тугаганида» каби ёзувлар мемнинг асосий услубига айланди. Олимлар эса бу ҳолатга ҳиссий ёки фалсафий маъно юклаш нотўғри эканини, бу фақат йўлдан адашиш, стресс, касаллик ёки инстинктив хато бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Дональд Трамп ва «Нигилист пингвин»
Мем шу даражада оммалашдики, унга АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам қўшилди. Оқ уй томонидан сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир эълон қилинди: унда Трамп пингвин билан бирга музли тоғлар томон юриб бормоқда. Пингвин АҚШ байроғини ушлаб турган, тоғларда эса Гренландия байроғи акс этган. Расмга «Embrace The Penguin» («Пингвинни қабул қил») деган ёзув қўшилган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар пингвинлар Арктикада яшамаслигини, Гренландия билан боғлаш фактик хато эканини таъкидлаб, постни «шармандали» деб аташди. «The Guardian» нашри журналисти Пиппа Креарер ҳам «Арктикада пингвинлар бўлмайди», деб муносабат билдирди.
Мем ва ҳақиқат
Олимлар учун бу — кам учрайдиган биологик ҳолат. Интернет учун эса — замонавий инсон кайфиятининг том маънодаги аксидир. «Нигилист пингвин» реал маънода фалсафа қилмаяпти, у шунчаки адашган. Аммо одамлар унда мутлақ ўз ҳолати ва ички кечинмаларини кўрмоқда. Яъни баъзан тоғлар томон юраётган пингвин — шунчаки пингвин. Баъзан эса — бу руҳиятдаги даҳшатли ва чидаб бўлмас оғриқ.
Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг