Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубоги ғолибига айланди
Шахмат фақат доналарнинг ҳаракати эмас, балки кучли ирода, теран тафаккур ва улкан меҳнат талаб қиладиган майдон. Бу майдонда эса ёш, жасур ва дадил авлод вакилларининг майдонга чиқиши халқимиз учун чексиз ғурур бағишлайди. Мана, ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ана шундай тарихий маррани забт этди. У Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубоги – 2025 финалида ғалаба қозониб, дунё шахмат тахтининг янги чемпионига айланди.
Финал баҳсида Синдаров Хитой вакили Ве И билан ҳал қилувчи дуэлга чиқди ва қора доналарда ишончли ўйин намойиш этиб, рақибини мағлубиятга учратди. Шу тариқа, у Жаҳон кубогининг бош соврини 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотни қўлга киритди. Энг муҳими, бу ғалаба унга 2026-йилги Номзодлар турнирига расмий йўлланмани ҳам тақдим этди. Бу шахмат оламида энг юксак марралардан.
Шунингдек, Жавоҳирнинг ушбу натижаси Ўзбекистон шахмат мактабининг кучини яна бир бор исботлади. Қайд этиш жоизки, бундан 21 йил аввал Рустам Қосимжонов ҳам Жаҳон кубоги соҳиби бўлиб, тарихга кирган эди. Бугун эса Жавоҳир Синдаров ана шу фахрли анъанани давом эттирди.
Муросасиз баҳсларда кечган ўйинга қисқача тўхталмасак бўлмайди. Тай-брекнинг биринчи партиясида Ве И 30-юришда жиддий хатога йўл қўйди. Бироқ вазият мураккаб бўлгани боис, Жавоҳир ютуққа элтувчи ягона вариантни дарҳол топа олмади ва партия дуранг билан якунланди. Шунга қарамай, асосий қарама-қаршиликда Синдаров ўзини қўлга олди, рақибининг заиф нуқталарини топди ва қатъият билан ғалабани қўлга киритди.
Бу ютуқ тасодиф эмас. Жавоҳирнинг ўзи таъкидлаганидек, у мусобақага тайёргарлик жараёнида кунига 20 соатлаб шахмат ўйнаб, мураккаб вазиятларни таҳлил қилган. Ўсмир йигитнинг бундай матонати ва меҳнатга садоқати бугунги ғалабанинг асосий пойдеворига айланди.
Ўзбекистонда шахмат ривожига берилаётган эътиборнинг ёрқин натижаси мана шундай ғалабалар билан исботламоқда. Жаҳон саҳнасида 19 ёшли ҳамюртимизнинг шунча рақобатчилар орасидан ажралиб чиқиши спортдаги улкан ютуғи, балки халқимизнинг илм-фан ва тафаккурга бўлган муносабатини акс эттирувчи юксак муваффақиятдир.
Жавоҳир Синдаровнинг Жаҳон кубоги ғолибига айланиши юртимиз шахматчилари учун янги босқич, ёшлар учун эса илҳом манбаи бўлди. Ғалаба мамлакатимиз шахматининг янги авлодида чексиз салоҳият борлигини яна бир бор намоён этди.
Бугун юртимизнинг яна бир фарзанди дунё шахматининг энг юқори чўққиларидан бирини забт этди. Жавоҳир Синдаровнинг бу ғалабаси нафақат ўзининг, қолаверса бутун Ўзбекистон халқининг қувончи, фахри ва ғуруридир. Энди эса унинг олдида янада улкан марралар номзодлар турнири ва, албатта, Жаҳон шахмат тожи учун чемпионлик турибди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг