Шаҳидлар учун қасос, зарарни қоплаш ва Ҳўрмуз бўғози: Эрон янги олий раҳбарининг илк мурожаати эълон қилинди

21:33 12 Март 2026 Дунё
512 0

Эрон АҚШ ва Исроилдан етказилган зарар учун товон пули талаб қилиш ниятида. Бу ҳақда мамлакатнинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаийнинг Эрон давлат телерадиокомпанияси томонидан тарқатилган баёнотида сўз боради. Унинг ўзи камералар қаршисида кўриниш бермади.

Қайд этилишича, Эрон иккиланмасдан шаҳидлар, жумладан, болаларнинг қони учун қасос олишга тайёр.

— Биз шаҳидларимизнинг қони учун қасос олишдан воз кечмаймиз. Биз режалаштирган қасос нафақат инқилобнинг буюк раҳбари [Оятуллоҳ Али Хоманаий]нинг шаҳид бўлишига тегишли. Миллатимизнинг душман томонидан ўлдирилган ҳар бир вакили қасос учун алоҳида асос бўлади. Албатта, бу қасоснинг бир қисми амалга оширилди, аммо у охирига етказилмагунча, бу иш устувор вазифа бўлиб қолади, айниқса, болаларимизнинг қони туфайли юзага келган алоҳида оғриқни ҳисобга олсак. Шунинг учун душман Минабдаги мактабга нисбатан қасддан содир этган жиноят ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар алоҳида аҳамиятга эга, — дейилади мурожаатда.

Ислом республикаси қўшни давлатлар билан дўстликка ишонади ва зарбаларни фақат ушбу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базаларига йўллайди.

— Яқинда биз [АҚШ] ҳарбий базаларига зарба бердик ва огоҳлантирганимиздек, қўшни давлатларга ҳужум қилмасдан, фақат ушбу базаларга ҳужум қилдик. Кейинчалик ҳам биз бу ҳаракатларни давом эттиришга мажбур бўламиз, гарчи ҳамон қўшниларимиз билан дўстликка ишонсак-да, — дейилади мактубда.

Эрон қўшни давлатларни Америка базаларини ёпишга чақирди.

— Мен уларга базаларни имкон қадар тезроқ ёпишни маслаҳат бераман, чунки улар АҚШнинг хавфсизлик ва тинчликни сақлаш ҳақидаги даъволари ёлғондан бошқа нарса эмаслигини аллақачон тушуниб етган бўлсалар керак, — дейилади Хоманаийнинг мурожаатида.

Эрон олий раҳбари Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва «Ироқ исломий қаршилик кучлари»га Теҳронни можарода қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Қайд этилишича, Ислом республикаси душманга босим ўтказиш учун Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш имкониятларини сақлаб қолиши керак. Шунингдек, баёнотда бошқа фронтларни очиш бўйича тадқиқотлар олиб борилаётгани кўрсатилган.

Эрон расмийлари АҚШ ва Исроилдан уларнинг Ислом республикаси ҳудудига уюштирган ҳужумлари давомида етказилган зарар учун товон пули талаб қилмоқчи.

— Шуни таъкидлаш керакки, биз ҳар қандай ҳолатда ҳам душмандан товон талаб қиламиз. Агар у рад этса — биз уларнинг мулкидан ўзимиз лозим деб топган миқдорда оламиз. Агар бунинг иложи бўлмаса — биз уларга худди шундай зарар етказамиз, — дейилади мурожаатда.

Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроил операцияси натижасида рафиқаси ва синглиси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

— Йўқотиши ҳаммага маълум бўлган отамдан ташқари, мен шаҳидлар сафига умид боғлаган азиз ва вафодор рафиқамни, ота-онамга хизмат қилишга ўзини бағишлаган ва муносиб мукофотини олган фидойи синглимни, шунингдек, унинг кичкина фарзандини бердим, — дейилади мактубда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер