Президент Жавоҳир Синдоровни Жаҳон кубогидаги ғалабаси билан қутлади

18:23 26 Ноябрь 2025 Сиёсат
354 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Олимпия шаҳарчасидаги стадионда давлатимиз раҳбари иштирокида «Президент олимпиадаси» мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев ушбу мусобақа очилишида нутқ сўзлаётиб, шахмат бўйича Жаҳон кубогида ғалаба қозонган Жавоҳир Синдоровни табриклади.

«Мана менга янги хушхабар келди. Ҳозирги дақиқаларда яна битта хушхабар: 19 яшар ватандошимиз Жавоҳир Синдоров Ҳиндистонда ўтаётган жаҳон кубогининг ғолиби бўлди. Жавоҳир финалда хитойлик Вэй Ини ютиб, 2026 йилдаги Жаҳон чемпионатининг чемпионлигига даъвогар бўлди. Ҳамма айтган гапларимизнинг тагида замин борлигидан яна битта далил десак ва Жавоҳир қаҳрамонимизни яна бир марта олқишласак», деди Президентимиз.

Дарҳақиқат, ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ана шундай тарихий маррани забт этди. У Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубоги – 2025 финалида ғалаба қозониб, дунё шахмат тахтининг янги чемпионига айланди.

Финал баҳсида Синдаров Хитой вакили Вэй И билан ҳал қилувчи дуэлга чиқди ва қора доналарда ишончли ўйин намойиш этиб, рақибини мағлубиятга учратди. Шу тариқа, у Жаҳон кубогининг бош соврини 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотни қўлга киритди. Энг муҳими, бу ғалаба унга 2026-йилги Номзодлар турнирига расмий йўлланмани ҳам тақдим этди. Бу шахмат оламида энг юксак марралардан.

Шунингдек, Жавоҳирнинг ушбу натижаси Ўзбекистон шахмат мактабининг кучини яна бир бор исботлади. Қайд этиш жоизки, бундан 21 йил аввал Рустам Қосимжонов ҳам Жаҳон кубоги соҳиби бўлиб, тарихга кирган эди. Бугун эса Жавоҳир Синдаров ана шу фахрли анъанани давом эттирди.

Муросасиз баҳсларда кечган ўйинга қисқача тўхталмасак бўлмайди. Тай-брекнинг биринчи партиясида Вэй И 30-юришда жиддий хатога йўл қўйди. Бироқ вазият мураккаб бўлгани боис, Жавоҳир ютуққа элтувчи ягона вариантни дарҳол топа олмади ва партия дуранг билан якунланди. Шунга қарамай, асосий қарама-қаршиликда Синдаров ўзини қўлга олди, рақибининг заиф нуқталарини топди ва қатъият билан ғалабани қўлга киритди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?