Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таниқли адиб Хайриддин Султоннинг «Ялдо кечаси» тарихий романи тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда адабий жамоатчилик вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Тақдимот давомида «Ялдо кечаси» романи замонавий ўзбек адабиётидаги муҳим бадиий-эстетик ҳодиса сифатида баҳоланиб, унинг ғоявий мазмуни, тарихий асослари ва бадиий ечимлари атрофлича таҳлил қилинди. Асарда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романида бошланган тарихий-миллий тафаккур йўли мантиқий ва бадиий жиҳатдан давом эттирилгани, уч авлод тақдири мисолида шўро мустамлакачилиги давридаги миллат фожиаси, озодлик ҳамда маърифат учун кураш жараёнлари чуқур очиб берилгани таъкидланди.

Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов романни миллий насримиздаги йирик эпик асарлардан бири сифатида баҳолаб, муаллифнинг катта тарихий масъулиятини зиммасига олган ҳолда кенг кўламли архив материаллари, жадид матбуоти ва тарихий манбаларга таянганини алоҳида қайд этди. Таъкидланишича, ёзувчи уч авлод образлари орқали халқ ва Ватан бошидан кечирган тарихий синовларни бадиий мантиқ асосида, тирик ва ишонарли қаҳрамонлар тақдири орқали гавдалантира олган.

Тадбир доирасида таниқли адиб ва адабиётшуносларнинг роман ҳақидаги баҳолари ҳам эътироф этилди. Жумладан, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров «Ялдо кечаси»ни ўзбек адабиётида бадиий жасорат намунаси сифатида баҳолаб, асар Абдулла Қодирий услубига ижодий ёндашув асосида ёзилгани, адабий мистификация орқали мутлақо янги бадиий ҳодиса юзага келганини таъкидлади. Адабиётшунос Хондамир Қодирий эса роман бугунги авлод учун маънавий, тарихий ва ахлоқий тарбия бериш салоҳиятига эга асар эканини қайд этди.

Тақдимотда ёш тадқиқотчилар ва ижодкорларнинг чиқишларида романнинг маърифатпарварлик ғояси, миллий онгни уйғотишдаги ўрни, тил ва услуб масалаларидаги юксак бадиий маҳорати алоҳида эътироф этилди. Қаҳрамонлар нутқининг индивидуаллиги тарихий давр руҳига мос тил бирликларидан моҳирона фойдаланилиши, рамзий қатламнинг бойлиги асарнинг эстетик таъсир кучини янада ошириши таъкидланди.

Тадбир якунида университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов «Ялдо кечаси» романининг ёшлар маънавий дунёқарашини шакллантириш, ватанпарварлик ва тарихий хотирани мустаҳкамлашдаги аҳамиятига тўхталиб, ушбу асар нафақат адабий, балки маънавий-маърифий манба эканини таъкидлади. Университет илмий-педагогик жамоаси ташаббуси билан Хайриддин Султон адабиёт ва маърифат ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун «Алишер Навоий» медали билан тақдирланди.

Мазкур адабий учрашув миллий адабиётимизнинг узвий давомийлигини англаш, тарихий тафаккурни бадиий идрок орқали теранлаштириш ҳамда ижодкор ва ёш авлод ўртасидаги маънавий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг