Самарқандда туман қишлоқларидаги маҳсулотларнинг экспорт ҳажми кенгаймоқда
Фото: Абдулазиз Йўлдошев / Халқ сўзи
Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Пичоқчи” маҳалласидаги “Pichoqchi Dry Fruits” корхонаси ёнғоқзорлар ташкил қилиб, маҳсулотларини логистика маркази орқали экспортга йўналтирмоқда. Ушбу марказга республикамизнинг барча ҳудудларидан ёнғоқ маҳсулотлари йиғилади ва сараланиб, қадоқланади ҳамда хорижга чиқарилади.
– Бу сердаромад соҳа, - дейди корхона раҳбари Толибхон Абдужалилов. – Энг муҳими, хотин-қизлар ва ёшлар иш билан банд. Ўттиздан ортиқ доимий, юзга яқин мавсумий ишчимиз бор. Оқдарё маҳалласидан 104 хонадон бизга бириктирилган. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш ҳисобига уларни ҳам доимий иш билан таъминлашни режалаштирганмиз.
Мавсумий ишчиларнинг айтишича, кунбай ишга 60-70 минг сўмдан маош тўланар экан. Икки маҳал овқат корхона ҳисобидан. Қатнов учун транспорт ҳам йўлга қўйилган.
“Pichoqchi Dry Fruits” МЧЖ логистика марказига ёнғоқдан ташқари майиз ва бошқа турдаги қуритилган мевалар ҳам келтирилиб, бежирим қадоқда Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилиняпти.
– 2019 йилда Туркиядан чандлер навли ёнғоқ кўчатини келтириб, 30 гектар интенсив боғ ташкил қилдик, бу нав 4-5 йилда ҳосилга киради, - дейди Толибхон Абдужалилов. – Истиқболли режаларимиз бор. Хусусан, Оқдарё туманини ёнғоқ етиштиришга ихтисослаштириш бўйича лойиҳа тайёрлаганмиз. Чунки туман иқлим шароити ёнғоқ етиштириш учун жуда қулай.
Эътиборлиси, ҳудудда бу йўналишда ўзига хос рақобат муҳити шаклланган. Тумандаги “Пичоқчи экспорт савдо”, “Қуруқ мевалар тайёрлаш”, “Тўртайғир қуруқ мевалар” корхоналари ҳам айни шу фаолият билан машғул.
Оқдарёнинг Барака массивида ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаб, экспортга йўналтираётган “Hakan agro invest” МЧЖ ютуқлари ҳам эътиборга лойиқ. Лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлган ушбу корхонада йилига 1,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг