Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририятида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда кооперацияси шароитида дуал таълим тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда иқтисодиёт фанлари докторлари, профессорлар, иқтисодий фанлар бўйича фалсафа докторлари (PhD), мустақил изланувчилар, шунингдек, соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, дунёнинг ривожланган давлатларида дуал таълим тизимига устувор аҳамият қаратилиб, мазкур усул меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрлашда самарали механизм сифатида эътироф этилмоқда. Шунингдек, жамиятимизда ҳам билимли, малакали ва хушмуомалали мутахассисларга бўлган талаб ортиб бораётгани қайд этилди.
Муҳокамалар давомида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда кооперацияси шароитида дуал таълим тизимини жорий этишдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари атрофлича таҳлил қилинди.
Қатнашчиларнинг таъкидлашича, дуал таълим — бу ўқувчи ёки талабанинг назарий билимларни бир вақтнинг ўзида корхона ёки ташкилотларда амалиёт билан уйғун ҳолда қўллаши, шу орқали касбий малакасини ошириши демакдир. Бундай тизим шароитида талаба нафақат таълим олади, балки жамоада ишлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш имконига ҳам эга бўлади. Бу жараённи чет тилини ўша тил муҳитида яшаш орқали ўрганишга қиёслаш мумкин. Доимий жонли мулоқот ва назарий билимнинг уйғунлиги юқори натижа бериши шубҳасиз.
Олимлар фикрига кўра, ҳам ўқиш жараёнида, ҳам амалиётда талабчан ва зукко устоз қўлида таҳсил олган ёш мутахассис келгусида ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишади. Шу боис бугун мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан дуал таълимни янада ривожлантириш, ушбу йўналишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сохталикка йўл қўймасдан, натижадорликка эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад ҳам дуал таълим соҳасидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, ушбу таълим усулини илмий жиҳатдан янада такомиллаштиришдан иборат.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг