Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифидан фоторепортаж

21:29 12 Декабрь 2025 Сиёсат
1006 0

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 11 декабрь куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Ашхобод шаҳрига келгач, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, биринчи навбатда, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, маданий ҳамда гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан ҳам учрашди.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти ва қардош халқини мамлакат бетарафлиги эълон қилинганининг 30 йиллиги, ушбу муҳим санага бағишланган халқаро форум юқори савияда ташкил этилгани ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилингани билан самимий табриклади.

Бугун, 12 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳридаги Бетарафлик монументи пойига гул қўйиш маросимида иштирок этди.

Туркманистоннинг инсонпарварлик ғоялари, тинчлик, бунёдкорлик ва эзгулик тамойилларига содиқлигини ифодаловчи Бетарафлик ва “Бетарафликнинг 30 йиллиги” ёдгорликларини ўз ичига олган мажмуа ҳамда унга туташ ландшафтли боғ Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги ва “Халқаро тинчлик ва ишонч йили”ни нишонлашга тайёргарлик доирасида қайта қурилди ва тантанали равишда очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Туркманистонни доимий бетарафликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этишини қайд этди.

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер