Самарқандда барча сайлов участкаси хавфсизлик ва санитария талабларига жавоб берадими?
Фото: Абдулазиз Йўлдошев / Халқ сўзи
Тобора яқинлашаётган мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни Самарқанд вилоятидаги мавжуд 1111 та сайлов участкалари хавфсизлик ва санитария талаблари нуқтаи назаридан шай ҳолатда бўладими? Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун соҳавий хизматлар томонидан зарур чора-тадбирлар якунига етказилганми?
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, ички ишлар, миллий гвардия бошқармалари ҳамда бошқа масъулларнинг айни масала юзасидан ахборотлари эшитилди.
Таъкидланишича, сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, жумладан, овоз бериш хоналарини дезинфекция қилиш учун санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида 33 та бригада ташкил этилди. Улар сайловдан бир кун олдин барча участкада дезинфекция ишларини амалга оширади. Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 13 минг 974 нафари коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан эмланган. Шундай бўлса-да, эпидемиологик вазият туфайли сайлов комиссиялари аъзоларини коронавирус инфекциясига текшириш учун ПЦР лабораториялари хизмати йўлга қўйилди.
Мажлисда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари тавсиясига кўра, айрим участка сайлов комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида округ сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди. Шунингдек, 14 октябрь кунидан бошланадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорларида белгиланган тартибда ўтказиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
- Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва уч кун қолганида тугалланади, - дейди округ сайлов комиссияси аъзоси Наргиза Кенжаева. - Марказий сайлов комиссияси тегишли қарорига кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб, 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди. Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларига, округ сайлов комиссиялари эса ўз навбатида участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмлари, шунингдек, шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситалари етказиб берилишини таъминлади.
Йиғилишдан сўнг матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир доирасида вилоятдаги 94 нафар журналист ва блогерга Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
А. Йўлдошев, “Халқ сўзи” мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг