Қулупнайдан йилига 300 миллион сўм даромад олаётган оила

12:30 23 Январь 2025 Жамият
70 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бувайда туманининг “Тепалик” МФЙ деҳқончиликка ихтисослашган бўлиб, аҳоли хонадонларида шолғом, редиска, қизил лавлаги етиштирилади. Шу маҳаллада яшовчи Орифжон ва Шаҳноза Сатторовлар оиласи ўтган йили банкнинг имтиёзли кредити эвазига тикувчилик машиналари олиб, ўз хонадонида тадбиркорлик фаолиятини бошлаганди. “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 100 млн сўм имтиёзли кредит олиб, Жанубий Корея технологияси асосида 5 сотихли ерда интенсив иссиқхона ташкил этди.

— Муқобил иситиш тизими, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиб, дастлабки йилнинг ўзида қулупнайдан 300 миллион сўм даромад олдик, — дейди Орифжон Сатторов. — Хусусан, 1 сотих ерга тажриба тариқасида Италиянинг “Алба” навли қулупнайини экиб, 60 миллион сўм даромад олинди. Ҳозирги кунда қулупнайнинг 1 килограммини 400 минг сўмдан мамлакатимиздаги энг йирик савдо тармоқлари дўконларига етказиб беряпмиз.

“Тепалик” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Асроржон Йигиталиевнинг айтишича, ушбу оила томонидан ишлаб чиқилган бизнес-режа асосида Бувайда тумани ҳокимлиги томонидан яқин кунларда 1 гектар ер ажратиб берилиши режалаштирилмоқда. Бу ерда Жанубий Корея, Туркия, Хитой ва Италия тажриба бўйича йил давомида қулупнай етиштирилади. Шу тариқа интенсив усулда қулупнай етиштириш 4 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи маҳалланинг драйверига айланиши мақсад қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?