Қўштепа тажрибаси: Катта Фарғона канали бўйлаб токзорлар барпо этилмоқда
Қўштепа туманида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги бўш ерлардан самарали фойдаланиш бўйича ўзига хос тажриба шаклланмоқда. Айниқса, бу борада давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 декабрда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
— Дала четлари ва канал атрофларидаги ҳар бир қарич ер — бекор ётган ресурс эмас, фермер учун қўшимча даромад, аҳоли учун эса кўпроқ ҳосил манбаидир, — деди туманда ушбу мавзуда ўтказилган Республика амалий семинарида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Қўштепада шаклланган тажриба барча ҳудудлар учун ибрат ва намуна бўлиши керак.

Семинар иштирокчилари Қўштепа туманидаги Катта Фарғона канали муҳофаза майдонининг илгари фойдаланилмай келган 15 километр қисми ўзлаштирилиб, «воиш усули»да барпо этилган янги узумзор билан танишдилар. Шунингдек, қатор ораларига экилиб, тез самара бераётган «тўқсонбости» экинлари ҳам кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилганидек, бундай тажриба ердан фойдаланиш маданиятини ўзгартирмоқда, қаровсиз ерлар эса юксак даромадли ҳосил манбаига айланмоқда.
Тадбир доирасида соҳа олимлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини замонавий ва интеграциялашган усулда парвариш қилиш, кооперация тизимини ривожлантириш, ҳудуд иқлим шароитига мос уруғ ва кўчатларни танлаш ҳамда сердаромад экин турларини жорий этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Айтиш жоизки, қисқа фурсат ичида Фарғона вилоятида ушбу эзгу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига қарашли, олдин қаровсиз ётган 29,8 минг гектар дала четларига 26 миллиондан ортиқ мевали кўчат, 10 минг гектар каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига эса 8 миллиондан зиёд кўчатлар ўтқазилди.
Бундан ташқари, «Агрокўмакчи» мобил иловаси орқали ер ўзлаштиришдан тортиб, маҳсулотни экспортга чиқаришгача бўлган барча жараёнларга оид маълумотлар аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг