Кўп қиррали интеграция — Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор мақсади
Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи минтақа мамлакатлари ўртасида кейинги йилларда жадал тараққий этаётган ўзаро муносабатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги модели шаклланмоқда. Минтақа давлатлари раҳбарлари томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва яхши қўшничиликка таянган муносабатлар бутун Марказий Осиёни глобал сиёсатда фаол субъектга айлантиришга хизмат қиляпти. Узоқ йиллардан бери деярли тўхтаб қолган минтақавий мулоқот қайта тикланди, мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч, очиқлик ва манфаатдорлик тамойиллари мустаҳкамланди.
Умумий манфаатлар ифодаси
Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси дунё сиёсий ва иқтисодий харитасида алоҳида стратегик ўрин эгаллаб бормоқда. Бу эса жаҳонда геосиёсий жараёнлар кескинлашиб, глобал рақобат кучайиб бораётган бир пайтда катта аҳамият касб этади.
2016 йилдан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор йўналиш сифатида белгилангани қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларда тўпланиб қолган масалаларни конструктив мулоқот орқали ҳал этиш имконини яратди. Натижада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги чегараларнинг катта қисми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланди. Бу эса чегара хавфсизлигини мустаҳкамлади, савдони енгиллаштирди, ўзаро ишончни янада оширди. Давлат раҳбарлари даражасидаги ўзаро ташрифлар сони кескин кўпайди.
2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш анъанага айланди. Бу — тарихий воқелик, чунки аввал бу каби формат мавжуд бўлмаган. Бу форматнинг самаралари давлатлар ўртасидаги ишонч даражаси ошганида яққол намоён бўлмоқда. Муҳим минтақавий муаммолар бўйича ягона позиция шаклланмоқда. Савдо, транспорт, экология, маданият ва хавфсизлик соҳаларида муҳим келишувларга эришилди. Энг муҳими, минтақавий манфаатлар халқаро майдонда бир овоздан ифодаланмоқда.
Хусусан, айни пайтда Марказий Осиёни дунёнинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ “Марказий Осиё плюс” форматлари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё — Хитой”, “Марказий Осиё — Россия” ва “Марказий Осиё — АҚШ” саммитлари бўлиб ўтди. Бу эса минтақанинг глобал сиёсатдаги стратегик аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг янги даврига асос солди.
Саммит аввалида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эълон қилди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бу қарор муштарак тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентлар Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига номзоди юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат, Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026 — 2028 йилларга мўлжалланган чоралар каби муҳим ҳужжатларни қабул қилди.
Учрашув якунида Президентимиз “бизнинг кучимиз — бирликда, муваффақият сари йўлимиз — дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин”, дея алоҳида таъкидлади.
Минтақавий иқтисодий интеграция ва ўзаро боғлиқлик
Тан олиш керак, Марказий Осиё дунёда катта иқтисодий салоҳиятга эга, аммо интеграция даражаси паст бўлган минтақалардан бири эди. Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати бу ҳолатни ўзгартирди.
Натижада савдо ва инвестициялар йўналишларида янги босқич бошланди. Ўзаро товар айланмаси 2016 йилдагига нисбатан бир неча баравар ошди. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 5 млрд. доллардан ортди. Ўзбекистон ва Қирғизистон билан эса бу кўрсаткич 7 баробар ўсди. Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам савдо айланмаси барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлди.
Минтақада қўшма саноат зоналари, логистика марказлари, энергия объектлари, автомобилсозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига оид лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қирғизистон ва Тожикистонда Ўзбекистон капитали иштирокида йирик корхоналар очилди.
Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — энг долзарб масалалардан бири. Ўзбекистон сувни, асосан, қишлоқ хўжалиги учун кўп миқдорда истеъмол қилса, Қирғизистон ва Тожикистон сувдан электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланади. Бу манфаатлар то ўтган йилларга қадар зиддият олиб келарди.
Эндиликда биргаликдаги сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш йўлида қўшма гидроиншоотлар қуриш имкониятларини ўрганиш, дарё ҳавзаларида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган дастурларни амалга ошириш борасида ҳам фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Марказий Осиё ўртасидаги транспорт коллаборацияси минтақа иқтисодиётини ривожлантиришнинг ҳал этувчи омили бўлиб бормоқда. Мавжуд темир йўллар модернизация қилинмоқда, янги автомагистраллар қурилмоқда. Каспий денгизи портлари билан ҳамкорлик орқали Европа бозорларига чиқиш имкониятлари кенгаймоқда. “Трансафғон коридори” ташаббуси Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон орқали Ҳинд океанига чиқиш имконини беради.
Ўзбекистон — Қозоғистон, Ўзбекистон — Туркманистон, Ўзбекистон — Тожикистон ўртасида автомобиль йўллари кенгайтирилмоқда, трансчегаравий логистика марказлари барпо этилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги тарихдаги энг юқори даражага кўтарилди. Терроризм ва экстремизмга қарши қўшма механизмлар ишламоқда. Чегара хавфсизлиги ва контрабандага қарши чоралар кучайтирилди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида умумий позиция шаклланмоқда.
Марказий Осиёда маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алоқалар тез суръатларда ривожланмоқда. Университетларнинг қўшма факультетлари очилмоқда, талабалар алмашинуви кенгаймоқда, халқлар ўртасидаги анъанавий дўстликни мустаҳкамловчи маданий фестиваллар ўтказилмоқда.
Буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда тарихий юксалиш даврини бошдан кечираётганини кўрсатади. Ҳозирги минтақавий сиёсатда ўзаро ишонч, манфаатдорлик ва прагматизм тамойили — Марказий Осиёни умумий манфаатлар йўлида бирлаштирмоқда. Бу эса минтақа халқларининг фаровонлиги ва тараққиётига хизмат қилади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси олий таълим,
фан ва инновациялар вазири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг