Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Юртимиз ёшлари илм-фанда, бадиий ижодда ҳам улкан натижаларга эришмоқда. Улар орасида ёш иқтидорли ижодкор Қобилжон Шерматовнинг ютуғи алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг “Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат” номли китоби жаҳон миқёсида тан олинди ва Халқаро болалар адабиёти кенгаши (IBBY)нинг 2026 йил учун фахрий рўйхати (Honour List)га киритилди. Рўйхатга дунё бўйлаб 70 та энг яхши болалар асарлари киритилган бўлиб, Қобилжон Шерматов асари Марказий Осиё тарихида бу мақомга эришган илк бадиий асар бўлди.
Воқеа ёш истеъдоднинг шахсий ютуғи бўлибгина қолмай, мамлакатимиз болалар адабиёти учун катта ғалаба саналади. Чунки Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига фақат адабий, тарбиявий ва бадиий жиҳатдан юксак даражадаги асарлар киритилади. Ушбу тўплам орқали турли халқларнинг болалар адабиёти, дунёқараши ва маданияти дунё ҳамжамиятига танитилади.
Фарғоналик ҳаваскор ижодкор “Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат” асарида ҳаётга ўзига хос юмор ва фантазия билан қараган бўлиб, болалар онгида меҳр, эзгулик ва оилавий қадриятларга муҳаббат уйғотувчи эзгу ғояларни илгари сурган. Унда болаларга хос қизиқиш, орзу ва тасаввур дунёси жонли тасвирланган. Мана шу жиҳатлар асарни маҳаллий, қолаверса халқаро миқёсда ҳам аҳамиятини оширган.
Ёш ижодкорнинг ютуғи мамлакатимиздаги ёш қаламкашлар учун ҳам катта илҳом манбаидир. Замонамизда миллий адабиётимиз ва маданиятимизни жаҳон саҳнасига олиб чиқишда шундай ёш авлод вакилларининг ҳиссаси беқиёс.
Қобилжон Шерматов бугунги кунда Болалар контентини ривожлантириш марказида лойиҳалар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси сифатида фаолият юритмоқда. Унинг ижодий фаолияти ва меҳнатидан кўриш мумкинки, юртимиз ёшлари истеъдоди, меҳнати ва изланиши билан дунё адабий майдонида ҳам муносиб ўрин эгаллайди, албатта.
IBBYнинг дипломлари анъанавий равишда ташкилотнинг Бутунжаҳон конгрессида топширилади. Демак, яқин вақтларда Фарғона ва бутун Ўзбекистон номи яна бир бор жаҳон адабий саҳнасида янграйди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг