Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!
1
Сирдарё — Ўрта Осиёдаги энг узун, Жайхундан кейинги энг серсув, энг меҳрибон ва айни маҳалда қаҳрли, сир-синоатларга лиммо-лим, тарихи ҳам ўзи сингари узун ва сирли, қачон ва қай замонлар пайдо бўлганини ҳали-ҳануз инсон зоти айтолмайдиган Энадарё умрида кўрмаган эди бундай мунаввар, бу қадар лолагун тонгларни.
Милоддан аввалги замонларда ҳам ҳайқириб оққан, қадим юнон тарихчилари асарларида Яксарт, Танаис, зардуштийларнинг муқаддас китоби Авестода Дану, Хитой манбаларида Яоша, Хашарт, руний ёзувларда Енчуўғиз, «Шоҳнома»да Гулзарриюн, араб солномаларида Сайхун, милоднинг биринчи асрида яшаган Рим тарихчиси Плиний ёзувларида Силис номи билан етти иқлимда донг таратган улуғ дарё тошдай оғир ва тундай мубҳам ўйларга ботган эди асрлар давомида. Искандардан Чингизгача, араб истилосидан чоризм босқинию шўро талончиларининг зуғумларигача бошдан кечирган азим наҳр соҳилларида ҳеч қачон бўлмаган эди бундай камалакранг товланишлар.
Ўтмиши дарёдан ҳам қадимийроқ бўлган, тўзонлару тўфонлар ичида бовлиқдай эшилиб, ниҳоят 1963 йилда вилоят сифатида ташкил топган бўлса ҳам, фароғат топмаган Сирдарёда 2016 йилга қадар пахта тозалаш, дон ва ёғ-мой корхоналаридан бошқа биронта саноат иншооти йўқ эди-да, ахир! Йўқ эди, ҳатто тузукроқ қўрғон ҳам. Шундай Қариб ва кўримсиз эди шимолдан Қозоғистон Республикаси, шарқдан Тошкент вилояти, жанубдан Тожикистон Республикаси ва ғарбдан Жиззах вилоятига туташиб кетган, қарийб 4,3 минг километр майдонни эгалловчи қутлуғ маконнинг рангу рафтори.
Сўнгги 7-8 йилда асар ҳам қолмади машъум қуроқ манзаралардан. Ўзгарди. Тамомила ўзгариб кетди ўзбекнинг қадимий воҳаси. Илдизи 3 минг йилдан ҳам узоқ замонларга туташ Сирдарё заминига бобо қуёш бошқача нур соча бошлади гўё. Дарё ҳайратларга кўмилди, даштларида жийдалар гуллади, қизғалдоқлар хандон отди, бўтакўзлар солланди қирғоғу соҳилларида.
Таниб бўлмай қолди Гулистон, Янгиер, Бахт, Ширин деган кўримсиз шаҳарларни. Осмонўпар бинолар, кўркам боғлар, йирик корхоналар пайдо бўлди. Минглаб саноат, қишлоқ хўжалиги иншооти қурилди, кўплаб савдо ва бошқа тармоқларга доир манзиллар «қамишдан белни боғлаб», ишга тушди.
Мўъжизалар мўъжизаларга уланди, аждодлар ҳатто хаёл ҳам қилолмаган ишлар юз бераверди. «Сирдарёга инвестиция киритмайсизми?» десанг, лабини жийирадиган дунёнинг бадавлат сармоядорлари миллион-миллион долларларни белбоққа тугиб, «Қайдасан, Сирдарё!» дея отга миндилар. Биргина Саудия Арабистонининг «ACWA Power» ва Туркиянинг «Cengiz Enerji» компаниялари 1,14 миллиард доллар олиб келди. Шу маблағ эвазига қуввати 1,7 минг МВт бўлган генерация фойдаланишга топширилди. Натижада қурилиш материаллари, кимё, озиқ-овқат соҳалари ривожланиб, вилоятда саноат ҳажми 19,3 триллион сўмдан ошди.
Мактабгача таълим ташкилотлари 2017 йилдаги 155 тадан 1 147 тага, умумтаълим мактаблари 296 тадан 340 тага етди. Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 88 фоизга ошди. 2 минг километр йўл таъмирланди, пахта ҳосилдорлиги 18,4 центнердан 40 центнерга, ғалланики 47 центнердан 74 центнерга етди, фойдаланишдан чиққан 34 минг гектар майдон қайта ўзлаштирилди...
2
Гарчанд Президентга мамлакатдаги аҳвол беш қўлдай аён бўлган эса-да, у киши халқ ишонч билдирган кунданоқ қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар юрди, яна ўрганди, яна изланди, яна қийнади ширин жонини. Қайта-қайта борди вилоятларга, туманларга, қишлоқларга, овулларга. Ўн олти марта ташриф буюрди Сирдарёнинг ўзига. Ўтар-қайтардаги тўхтаб ўтишлар бу ҳисобга кирмайди. Сон-саноқсиз кашфиётларга асос солинди ташрифлар жараёнида.
Шу ўринда кашфиёт иборасига озроқ изоҳ бериш лозим кўринади. Одатда, кашфиёт деганда дарров илму фан оламида яратилган ихтиролар келади хаёлимизга. Қолаверса, оламда бир-биридан сирли, ўрганилмаган жумбоқлар, яратилмаган ихтиролар ҳали кўп. Фақат топиш керак уларни. Ҳамма гап шунда. Шундан бошланади энг чуқур жойларда беркиниб ёки кўмилиб ётган захираларни кашф этиш ҳам. Ичингда мудраб ётган имкониятларни уйғотиш ҳам ҳеч қайси кашфиётдан кам эмас аслида.
Турли сабабларга кўра, чанг-қум босган ёхуд чала қолган соҳалар саноқсиз эди Сирдарёда. Аммо кўмилган хазиналар қопқасини очиб, вилоятни мамлакат тараққиётида етакчи ҳудудлардан бирига айлантириш имкониятлари мўл эди. Уйғотиш, ишонтириш, янгилик яратишга чорлаш зарур эди одамларни. Тўққиз эмас, тўқсон марта ўлчаб, бир марта кесадиган шарқона ақл-идрок талаб қилинарди бундай пайтда карвон етакчисидан.
Худойим суйган бандасига муносиб кўради улуғ салоҳиятни. «Эл бошига кун тушса, эл яратган эр келар» деган ҳикмат бежиз дунёга келмаган экан. Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон деган катта рўзғорнинг муаммолари ипидан игнасигача чуқур таҳлил қилинганидан кейин «Янги Ўзбекистон» дарёларининг бугунидан то учинчи Ренессанс уммонига бориб қуйилишигача бўлган мукаммал дастур яратилди. Ҳар бир ҳудудда, жумладан, Сирдарёда ҳам нималарга эътибор қаратиш зарурлиги аниқ-тиниқ белгиланди. Бу режаларни амалга ошириш учун қанча куч, маблағ, инвестиция, хуллас, юртни қалқитиш учун нимаики керак бўлса, ҳамма-ҳаммаси аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинди.
Шу тарзда вилоят тарихи зарварақларида янги саҳифалар очила бошлади, янги ташаббуслар қанот чиқарди. Қуюқ тумандан сўнг қуёш чарақлаб нур таратгани каби манзаралар юз бера бошлади Сирдарёда.
Биргина Ховос шаҳарчасидаги ўзгаришларнинг ўзи катта-катта достонларга муносиб мавзу бўлади.
3
Тарихдан аёнки, Фарғона, Чоч ва Сўғдга борадиган савдо йўлининг чорраҳасида жойлашгани туфайли Ховос қўрғони милоддан олдинги IV асрларда ҳам юксак мавқега эга бўлган. «Ҳавас қилса арзийдиган жой экан» деганлар соҳибқирон бобомиз Амир Темур Ховосни. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий, Хожа Аҳрор Валийларнинг излари бор бу қадим тупроқда. Афсуски, фахрланса арзигулик шундай манзил ҳам 7-8 йил аввал кўримсиз аҳволга тушиб қолган эди.
Президентимиз 2019 йил 19 февраль куни вилоятга ташрифи чоғида Ховосга бориб, сўнгги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй тугул, ҳатто каптархона ҳам қурилмаган қўрғон билан, эски, тор ва зах уйларда яшаётган одамларнинг турмуш тарзи билан танишади. Шу аснода шаҳарчанинг янги бош режаси тасдиқланиб, Мирзачўл тажрибаси асосида бунёд этиладиган Янги Ховосга тамал тоши қўйилади. Қўрғонча учун катта йўлнинг ўнг қанотидан 42 гектар ҳудуд ажратилади. Лойиҳага мувофиқ, у ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг бинолари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, тураржойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо маркази ва маиший хизмат шохобчалари қурилиб, йўл инфратузилмаси ривожлантирилиши, аҳоли ва транспорт учун қулайликлар яратилиши белгиланади.
Орадан уч ой ўтар-ўтмас, ўша йил 7 май куни, Президент топшириқларининг ижроси доирасида, Вазирлар Маҳкамасининг Ховос тумани марказини ривожлантиришга оид алоҳида қарори қабул қилинди. Шу тариқа 27 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Ховос тарихида янги давр бошланди.
Беш ой ўтиб, 2019 йилнинг 18 июлида Президент яна Ховосга келди. Бу пайтда махсус ажратилган ҳудудда 760 та хонадондан иборат 30 та кўп қаватли ва 150 та бир қаватли уйларни қуриш ишлари жадал давом этаётган эди.
Бугун Ховосга қадами етган киши турнақатор уйларда порлаб турган чироқларни, замонавий майдончаларда яйраб ўйнаётган болаларнинг шодон кулгиларини, санъат ва мусиқа мактаби томондан эшитилаётган дилбар оҳангларни, кафтдек текис йўлакларда суҳбатлашиб бораётган оқсоқолларнинг юз-кўзларидаги севинчларни кўриб, қалби қувончга тўлади.
4
Фақат Ховос эмас, Президент ташрифлари вилоятнинг ҳамма туман ва шаҳарларида бир-биридан ҳавасли ўзгаришлар юз беришига асос бўлмоқда.
7-8 йил аввал кўп қаватли тураржой бинолари атрофини зах, ертўлаларини пашша-чивин босиб ётадиган Гулистон шаҳрининг «яра»лари ҳам ана шундай ташрифлардан кейин тузалди. Кентда «Буюк келажак» мавзеси, «Гулистон сити» шаҳарчаси дунёга келди. Ўзбекистон ва Мустақиллик кўчалари оралиғида маданий марказ тикланди, замонавий амфитеатр қурилди, улар атрофдаги маъмурий бинолар билан жозибали уйғунлик касб этди. Китоб дўкони олдида сўлим хиёбон барпо қилиниб, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.
Янгиер шаҳрининг қайта бунёд этилишига эса Президентнинг 2017 йил 17 майдаги ташрифи сабаб бўлди. Шундан сўнг ташкил қилинган «Янгиер» кичик саноат зонасида бир йилнинг ўзида жами қиймати 106 миллион долларга тенг бўлган 125 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўлга қўйилди, бир неча минг иш ўрни яратилди. Хусусийлаштирилган, аммо ишлатилмай бўш ётган қатор корхона ва объектларда ҳам давлат раҳбарининг ташрифларидан сўнг ривожланиш фасли бошланди.
Сирдарё туманидаги «Sirdarya golden fruits» масъулияти чекланган жамияти, Мева-сабзавотчилик логистика маркази, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида улкан иссиқхоналар, Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, гуручни қайта ишловчи корхоналар ишга тушди. «Agro eco teхnology» масъулияти чекланган жамияти томонидан сабзавот ва дуккакли ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилиб, унаби боғи ташкил этилди. «Sirdaryo-mega-luks», «Идеал аср» каби йирик корхоналар, «Poly тex Sirdaryo» кластери, «Sirdaryo universal oyna» масъулияти чекланган жамияти ва яна ўнлаб йирик лойиҳалар ҳам Президент ташрифларининг бир-биридан ширин меваларидир. Бу лойиҳалар миқёсини тасаввур қилиш учун биргина «Sirdaryo universal oyna» масъулияти чекланган жамиятининг бўй-бастига кўз ташлайлик. 2018 — 2020 йилларнинг ўзида корхонада 501 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Ўша йиллари мамлакатимиз фармацевтика саноатига ҳар йили 4 миллион долларлик шиша флаконлар импорт қилинар эди. Марказий Осиёда битта саналган ушбу корхонада юздан ортиқ турдаги шиша идишлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу эса юртимиздаги фармацевтика корхоналарига айни маҳсулотни етказиб бериш имкониятини кенгайтирди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида сирдарёлик сайловчилар билан бўлган учрашувида «Мен қайси вазифада ишлашимдан қатъи назар, Сирдарёдан қадамим ҳам, кўнглим ҳам ҳеч қачон узилган эмас. Вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига, мавжуд муаммоларни ечишга озми-кўпми ҳиссам қўшилаётган бўлса, мен буни ўзим учун катта бахт деб биламан», деган камтарона эътирофининг амалдаги исботи, эҳтимол, мана шулар бўлса керак.
5
Ҳеч эсимдан чиқмайди. 2023 йилнинг апрелида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Мен ҳам иштирок этгандим ўша мажлисда.
...Президент залга ҳар доимгидек ўктам қадамлар билан кириб келди. Авваллари турли йиғинларда, учрашувларда Шавкат Мирзиёевни кўп кўрганман, албатта. Ўша кун, назаримда, нимадандир ташвишланаётгандек туюлди менга.
Бироздан кейин Юртбошимизнинг ўзлари ошкор этдилар — у кишини безовта қилган ташвиш Сирдарё кўчаларидаги қаровсизликлар экан.
— Мен бугун Тошкентдан Гулистонгача поездда, темир йўл вокзалидан буёғига машинада келдим, — деди Президент. — Йўлларнинг ачинарли аҳволи қаттиқ ташвишга солди мени. Бундай йўлларда юрганлар дардини кимга айтади?
Эътироз Автомобиль йўллари қўмитаси ва Транспорт вазирлигига қаратилган эди.
Масъулларнинг жавоблари Президентимизни мутлақо қониқтирмади:
— Бу йўлларда менинг ёшлигим ўтган, ҳар қадами менга таниш. Талабалигимда Янгиердан Зомингача пиёда кетганмиз. Ҳаммаёқ ўйдим-чуқур, чанг-лой бўлиб ётарди. Бугун ўтган аср эмас-ку! Қабул қилинган қарор бўйича бу йўлларни таъмирлаш икки йил аввал охирига етган бўлиши зарур эди.
Вазирлар ва тегишли масъуллар зиммасига вилоятдаги барча катта-кичик йўлу кўприкларни тузатиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
— Тўғри, сўнгги 6 йилда Сирдарёда катта ўзгаришлар юз берди, — давом этди Президентимиз. — 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 6 минг 640 та янги корхона ишга туширилди. Бу орқали 55 мингта янги доимий иш ўрни яратилди. 17 мингта оила камбағалликдан чиқарилди. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 7 мингдан 15 мингга етди. Умуман, Сирдарёда саноат йўқдан бор бўлди, десак, бу ҳам ҳақиқат. Бу ерда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм ва озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар юзага келди.
Давлат раҳбари Сирдарёда ҳали фойдаланилмай ётган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаётганида, кўнглидаги ташвишлар янаям очиқроқ аён бўлиб бораверди. Билмас эканман, Сирдарёда сув бошқа вилоятларга нисбатан сероб, экин майдонлари эса аҳоли жон бошига Хоразм ва Навоийга қараганда 2 баравар, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Наманганга нисбатан 3 баравар кўп экан. Ҳосилдорлик-чи?.. Хоразмда ғалланинг ҳар гектаридан 100 — 120 центнерлаб дон етиштириляпти. Сирдарёда эса унинг ярмичаям эмас. Фарғона водийсининг айрим қишлоқларида ердан тўрт мартагача ҳосил олинади. Сирдарёда эса бир марта, шуям чала-чулпа. Фарғоналиклар томорқаси тугул йўл ёқаларию экин майдонларининг уватларигача бир қарични ҳам бўш қолдирмай узум, ошқовоқ, тарвуз, қовун, ҳеч бўлмаса, ялпизу райҳон экади. Сирдарёда эса гектар-гектар майдонлар, катта-катта томорқалар йиллаб бўш ётади. Сабабини сўрасангиз, ернинг ёмонлигига тўнкашади. Лекин Президент куюниб қайта-қайта таъкидлаганидек, қарамасанг, ҳайдамасанг, ўғит бермасанг, ариқ-зовурларни тозаламасанг, ер қандай қилиб яхши бўлади?
— Сирдарёни инновацион ҳудудга айлантирмасак, вилоятда ривожланиш бўлмайди. Биз вилоятга қайси давлат тажрибасини олиб келиш ҳақида кўп ўйладик ва охири Хитойда тўхтадик, — давом этди Президент. — Тан олиш керак, охирги йилларда Хитой саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Хитойнинг илм, инновация, муҳандислик, электротехника, робототехника ва IT йўналишларида тажрибаси жуда катта. Энг асосийси, Хитой бизга транспорт-логистика жиҳатидан энг яқин йирик бозорлардан.
Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, Президент вилоятнинг аввалги раҳбари, ҳозир Президент маслаҳатчиси вазифасини бажараётган Ғофуржон Мирзаевнинг ҳокимлик фаолиятига юқори баҳо берди. «Мирзаев сизни ҳам тиндирмади, ўзиям тинмади, — деди Президент. — Энг муҳими, одамларда «бўлар экан-ку» деган ишонч уйғонди».
Сессия тугагач Президент Гулистон шаҳридаги қарийб минг киши меҳнат қилаётган «Omonmedfarm» корхонаси фаолияти билан танишиб, шу ерда 6 та янги корхонани ишга тушириш маросимида иштирок этди. Кейин оташин шеърлари билан халқимиз кўнглидан «ҳақиқат ва адолат жарчиси» сифатида жой олган шоира Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига борди.
...Мактабга кираверишда шоиранинг ҳайкали бор. Табиатни жонидан севган шоира лолақизғалдоқдан қўзиқулоққача, бойчечакдан туятовонгача, янтоқдан саксовулгача чаппар уриб ётган Боёвут даштларига боқиб, тўя олмай, ҳавас билан тикилиб тургандай.
Президентимиз ҳайкал пойига гул қўяётганида шоиранинг:
Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!
— деган ҳайқириғи шаҳру қишлоқлар оша дашту далаларда акс садо бераётгандек туюлди.
Ўша куни давлат раҳбари ўқувчилар, муаллим ва зиёлилар билан дилдан қилинган самимий суҳбатларида «Мен Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева билан худди ака-укалардек жуда қадрдон эдим», дедилар. «Бу ижодкорлар яратган асарларни қайта-қайта ўқийман, мутолаа қиламан. Абдулла аканинг биргина «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърини қаранг, қанча мазмун-маъно, ҳикмат, Ватанга муҳаббат бор шу битта шеърнинг моҳиятида. Бугун бизга ана шундай миллатпарвар шоирлар керак. Ҳозир ижод мактабини қурдик. Бинолар гўзал, замонавий, ўқиш-ўрганиш учун ҳамма шароит мужассам. Энди мазмун ҳам шаклга муносиб бўлиши керак. Бундай даргоҳларда таълим олаётган ёшларнинг кўзлари ёниб туриши керак. Ватан учун, миллат учун, халқ учун куйиб-ёнадиган фидойилар керак бугун Ватанга», деган сўзлари ёшлар қалбига мангу муҳрланди.
6
Уч йилдан зиёдроқ вақт ўтди ўшандан буён. Энди ундан буёғини айтар бўлсам, шу уч йилгинада бажарилган ишлар ҳам лофи билан уч асрда қилинганидан кам эмас. Санасанг саноқ, таърифласанг қоғоз оз. Шул боис ўтаётган 2025 йилнинг ўзидаги ва келгусидаги режаларга доир рақамларнинг айримларини тилга олиш билан чегараланамиз.
Марҳамат, ўқинг. Сирдарёликлар 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигини барқарор иқтисодий ўсиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳаётдаги ислоҳотлар билан қарши олдилар. Сўзда эмас, амалий ҳаракатда намоён бўлаётган бундай ютуқларни энг аввал солиқ тушумларида яққол кўриш мумкин. Зеро, иқтисодиётни тушунадиганлар солиқ тушумларини барқарорлик пойдевори, дейдилар. Жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг ҳажми ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 139 фоизга ўсди. Агар 2024 йилнинг 1-ярмида 758 миллиард сўм солиқ тушумлари тушган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 1 триллион 53 миллиард сўмга етди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ярим йилда 106,3 фоизга бажарилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 107,5 фоизга кўпаяди.
Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга тушиши, хусусан, Мирза-обод, Сайхунобод ва Гулистон шаҳарларидаги саноат зоналарида кичик корхоналарнинг фаолият бошлаши натижасида ишлаб чиқариш ҳажми соҳада йил якунигача 107 фоизга етказилади. Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган хизматлар ҳажми ярим йилликда 6,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 114 фоизга ошган бўлса, мазкур кўрсаткич йил якунида 115 фоизга етказилади.
6-7 ойда тадбиркорлик субъектлари сони 771 тага кўпайди. Ҳудудларда ихтисослашувга эътибор кучайди. Сардобада мева-сабзавотни қайта ишлаш, Ховосда маиший техника, Гулистонда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳам 141 фоизга ошиб, 416 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ховосда хитойлик инвесторлар иштирокида полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш заводи, Сайхунободда электр жиҳозлари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Экспорт ҳажми 150 миллион АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 123 фоизга ўсганини англатади. Йил бошида 11,3 фоиз бўлган камбағаллик даражаси 1 июлга келиб, 7,1 фоизга камайган бўлса, кўрсаткич йил адоғига бориб 5,3 фоизгача тушади.
Энди икки жумла томорқа ҳақида. Томорқа деганда яқинларгача ўт босган қаровсиз ҳовлилар келарди одамнинг кўз олдига. «Янги Ўзбекистон» ислоҳотлари бу соҳага бўлган муносабатларни ҳам тамоман янгилади. Аҳолида шахсий томорқадан фойдаланиш маданияти ўзгарди. Бу нафақат оила бандлигини таъминлади, балки қўшимча даромад манбаларини яратди.
Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Камол Муҳаммадиев 2020 йилда 25 сотих майдонга Олтиариқ тажрибаси асосида узум экишни йўлга қўйиб, ўтган йилнинг ўзида 8 тонна маҳсулот олди. Совиткичда сақлаш орқали декабрь-январь ойларида 300 — 400 миллион сўм соф даромад эгасига айланди. Сирдарё туманидаги Бахмал маҳалласида истиқомат қилувчи Дилафрўз Бойбўтаева 30 миллион сўм кредит олиб, 6 сотих ерда «Қора шаҳзода» навли атиргул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйди. Бу йил у 30 минг дона атиргул сотиб, 60 миллион сўм даромад олди.
Бундай юзлаб мисоллар аҳолининг меҳнатсеварлиги, тадбиркорлик руҳи ва замонавий ёндашувларини намоён этмоқда. Мақсад ҳар бир фуқаро муносиб ҳаёт кечиришига, ҳар бир хонадон даромад манбаига эга бўлишига эришиш ва ҳар бир маҳаллани фаровонлик манзилига айлантиришдир.
Илгари кунига фақат 9 соат сув бериладиган Гулистон шаҳрини 24 соат узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Президент қарори билан 35 миллиард сўм ажратилди, 64 километр сув тармоқлари тортилди ва 2 та сув иншооти реконструкция қилинди. Яқин кунларда Гулистон ва атроф туманлар тўлиқ сув билан таъминланади.
Гулистон шаҳри қаторида Боёвут туманининг Қаропчи ва Янги авлод, Гулистон туманининг Зарбдор, Ишонч ва Мевазор маҳаллалари ҳам узлуксиз ичимлик суви билан таъминланади. Ховос ва Боёвут туманларида эса 32 минг нафар аҳолининг 35 йиллик орзуси ушалди. У ерларга илк бор «Зомин сув» марказлашган тизими орқали обиҳаёт етиб келди.
Гулистон шаҳридаги 51 та кўп қаватли уйнинг 1 173 та хонадони канализация тизимига уланди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган 1 миллиард сўм маблағ воситасида Гулистон ва Янгиер шаҳарлари ҳамда Оқолтин ва Сайхунобод туманларидаги 81 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги оқова сув тизимлари янгиланди. Ҳозир Гулистон шаҳридаги Шимолий сув иншоотидан Янгиер шаҳригача катта ҳажмли 33 километр сув тармоғи қурилмоқда.
Йўлинг равон бўлмаса, овулингга қуш ҳам учиб келмайди. Абгор аҳволдаги 300 километр йўл 6 ой ичида тузатилиб, асфальтланди. Яна 36 километр ички йўлга шағал тўшалди. 78 та маҳаллада 300 мингдан зиёд аҳоли учун қулай ҳаракатланиш имконияти яратилди. Сайхунобод туманининг Ўрикзор маҳалласида 35 — 40 йилдан буён ўйдим-чуқур бўлиб ётган йўллар илк бор асфальт-бетон билан қопланди.
Йил якунига қадар вилоятда яна 376 километр йўл, жумладан, 356 километр ички йўл ва 3 та кўприк таъмирланиши режалаштирилган.
* * *
...«Яна-яна»ларни яна ва яна давом эттириш мумкин. Ютуқлар оз эмас. Сирдарёни обод қилиш учун бир тану бир жон бўлиб, тер тўкаётганларнинг шиддат-шижоати эса ҳаммасидан баланд, ҳаммасидан ҳавасли. Шундай лаҳзаларда, беихтиёр яна оташқалб, дилбар шоира опамиз Ҳалимахоним Худойбердиеванинг:
— Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар! — деган ҳайқириғи шаҳару қишлоқлар оша дашту далаларда акс садо бераётгандек туюлаверади. Ва сен ҳам қандай қилиб шоиранинг даъватларига қўшилиб кетганингни сезмай қоласан:
— Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг