Қорақалпоғистондаги иккита олий таълим муассасаси ўз фаолиятини тугатади, аммо…

13:21 28 Январь 2025 Ҳужжатлар
503 0

Президентнинг «Нукус давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида янги Нукус давлат техника университети фаолиятига асос солинди. Гап шундаки, ушбу олий таълим муассасаси Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали негизида ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Университетнинг асосий вазифаларига саноат, техника-технология ва муҳандислик соҳалари учун юқори малакали мутахассислар, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш киради. Шунингдек, янги таълим муассасасида Илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса замонавий талабларга мос таълим ва илмий тадқиқотлар олиб боришга хизмат қилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Нукус давлат техника университетида халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Бу тизим талабаларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлигини аниқлашга йўналтирилган. Шунингдек, мазкур ўқув йилида тажриба-ишлаб чиқариш («спин-офф») корхонаси ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Амударё муҳандислик-технологиялар техникумида муҳандислик соҳаларидаги касблар бўйича тўлиқ давлат гранти асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу Қорақалпоғистон Республикасидаги саноат соҳаси учун зарур кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши кутиляпти.

Айни пайтда Нукус давлат техника университетида таҳсил олаётган барча талабалар ўз ўқишини ушбу университетда давом эттиради. Битирувчи курс талабалари эса белгиланган тартибда Нукус давлат техника университети дипломини олади. Бу эса ҳудуддаги таълим тизимини янада ривожлантиришга катта туртки бўлиши мумкин.

Аввалроқ Наманганда ҳам 3 та йирик институт битта Наманган давлат техника университетга бирлаштирилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?