Қинғир ишнинг қийиғи...

17:00 27 Январь 2025 Жамият
186 0

Ҳамроқул ҚАРШИЕВ/“Халқ сўзи”. Кейинги пайтларда “фириб”, “фирибгар” ёки “фирибгарлик” каби сўзларга шу қадар кўп дуч келаётганимиздан унинг нималигига эътибор ҳам бермайдиган даражага етдик. Аксар ҳолларда унинг оқибатларини эшитиб ажабланмай ҳам қўйдик. Бу тушунча инсониятга қадимдан эш. Шу боис ислом динида ҳам алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Бу борада бир қанча ҳадислар айтилган, оятлар нозил бўлган.

“Фириб” сўзи алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла, маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимса эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатмоқда.

Унинг бошқа мулкий жиноятлардан фарқи — жабрланувчилар фирибгарларга мол-мулки ва унга бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан қўш-қўллаб топширишидир. Юртдошларимизнинг аксариятидаги енгил бойиб кетиш, қонуний йўллар орқали эришиши мумкин бўлгани мақсадларига осонлик билан етишиш иштиёқи ўзлари билмаган ва ўйламаган ҳолда мол-мулкларини фирибгарлар қўлига топширишига йўл очиб беради. Фирибгарлар ҳам анойи эмас — “беш минути кам” актёрлардир. Шу сабабли “фирибгарлик” жиноятлари ақлли жиноятлар турига ҳам кириб улгурди. Яна бир жиҳати борки, замонавий фирибгар — жуда тажрибали руҳшуносдир. Сизнинг ишонувчан, паришонхотир ва алданишга мойил қиёфангиз улар учун мисоли бир “таклифнома”. Бу “таклифнома”ни қўлга киритган фирибгар учун сизнинг ички оламингизга саёҳат қилиш ҳеч гап эмас.

Мамлакатимизда кейинги вақтларда фирибгарлик жиноятлари сони кўпайиб бораётгани ташвишланарли ҳол. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб, интернет жаҳон ахборот тармоғидан ҳамда электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар сони кўпайиб бораётгани, ўз навбатида, ушбу соҳаларда фирибгарлик жиноятлари сони ошишига олиб келмоқда.

Статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонда фирибгарлик сўнгги 4 йилда 4 бараварга, киберфирибгарлик эса сўнгги 3 йилда 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Сўнгги 2 йилда дунёнинг етакчи компаниялари иқтисодий жиноятчилик натижасида кўрган зарарининг 47 фоизи фирибгарликка тўғри келади, ўтган йилда эса ушбу компанияларга 42 млрд. доллар миқдоридаги зарар етказилган ва бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган.

“Аҳмадбой иши”, “Human” ва бошқа қатор хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ ишлар ёки “Straus House” МЧЖ, “Avto 60 ой”, “Auto Rental” каби қатор фирма ва тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ ишларга ҳам кўп бўлгани йўқ. Ачинарлиси шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгар қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Бир гуруҳ айбдорлар устидан маҳкама жараёнлари ниҳоясига етиб, уларга суд ҳукми ўқилмасдан иккинчиси, учинчиси пайдо бўлмоқда. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан-янги турлари ҳам қайд этилмоқда.

Жумладан, интернет ахборот тизими орқали бизнес қилиш бўйича таклиф киритиш, пластик карта рақамини турли баҳоналар билан олиш ва ундан маблағларни ечиб олиш, хорижга ишга юборишни ваъда қилиб алдаш орқали маблағларни қўлга киритиш, лизингга автомобиль олиб бериш, хорижий давлатларда ўқишга киритиб қўйиш, ўқишини кўчириб бериш соҳаларида ҳужжатларни қалбакилаштириб фирибгарлик қилиш кўпайиб бормоқда. Ушбу жиноятларнинг такроран содир этилиш сабабларини аксар ҳолларда фирибгарлик жиноятини содир қилган шахсларга нисбатан жавобгарликдан ва жазодан озод этиш институтлари қўлланилиши туфайли жазодан қўрқмаслик кайфияти пайдо бўлаётгани билан тавсифлаш мумкин. Суд-тергов амалиётида бир шахснинг фирибгарлик учун 8-10 мартагача судланганлик ҳолати, ҳатто олдинги қилмишлари учун тергов ёки суд жараёнлари кетаётган вақтда ҳам фирибгарликни давом эттираётганлар учраётганининг борлиги ушбу жиноятнинг тобора илдиз отиб кетаётганидан далолат.

Баъзан уларнинг иш услубларини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Яқин-яқин йилларгача фирибгарлик жинояти бир-бирини танийдиган, ҳеч бўлмаганда бир-бири билан бир-икки марта учрашган инсонлар орасида юз берган бўлса, ривожланган ахборот технологиялари шарофати билан фирибгар билан қурбонининг учрашишлари шарт бўлмай қолди. Қуйида келтирилган суд иши бунга яққол мисол бўлади.

2024 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи С. Ш. ўғли ва Ш. Б. ҳамда жабрланувчилар — К. Л. ва Г. М. нинг иштирокида С. Ш. ўғли ва Ш. Б.га нисбатан 1-1001-2403/742-сонли жиноят ишини кўриб чиқди.

Унда аниқланишича Ш. С. ўғли ахборот тизими ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, бировларни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, Ш. Б. ва бошқа шахслар билан тил бириктириб, интернет браузери ва шлюз қурилмалари орқали СИП протоколига асосланган виртуал алоқа рақамларидан фойдаланиб, 2024 йил 24 июнь куни соат тахминан 13:00 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида яшовчи К.Л.нинг уй телефонига қизи Г. М. номидан қўнғироқ қилишади. Унда Г. М. йўл транспорт ҳодисасига учраганини, ушбу ҳодиса ўзининг айби билан содир бўлганини ва автоҳалокатда жабр кўрган шахснинг соғлиги оғир аҳволда экани ва унинг операцияси учун кўп миқдорда пул маблағи зарурлиги тўғрисида гапириб, гўшакни ёнидаги кимсага беради. Ўзини “Анна Владимировна” исмли прокуратура ходими деб таништирган шахс ҳам К. Л.га қизининг автоҳалокатга учрагани, ёш болани уриб юборгани ва жабрланувчининг аҳволи оғирлигини, зудлик билан операция қилиш кераклигини ва қизининг айби билан содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси натижасида жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш зарурлигини, шу боис жабрланувчи ҳамда қизи Г.М.нинг операцияси учун тўловни амалга ошириш лозимлигини айтиб, К. Л. дан зудлик билан 50.000 АҚШ долларини “Яндекс” такси хизмати орқали беришини сўрайди. Пулни олиш учун борадиган шахс ҳақида маълумот беради.

Фарзандининг оғир аҳволга тушиб қолгани хабаридан лол бўлиб қолган К. Л. 50.000 АҚШ долларини “Яндекс” такси хизмати орқали бериб юборади.

Марказий банк маълумотларига кўра 24.06.2024 йилдаги 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 12.625,18 сўмни ташкил этган. Шунга кўра 50.000 АҚШ доллари 631.259.000 сўм бўлган.

Пулни олган фирибгарлар долларларнинг бир қисмини қора бозор орқали сўмга айлантириб пайнет шохобчалари орқали шерикларининг пластик карталарига ташлаб берган.

Шу ўринда, наҳотки, жабрланувчининг хаёлига қизига қўнғироқ қилиш келмади, деган савол туғилади. Аммо фирибгарлар бунинг ҳам чорасини топиб қўйишган эди. К. Л.нинг гувоҳлик беришича, унинг телефони бир кун давомида банд қилиб қўйилган. Ўзини прокуратура ходимаси деб таништирган “Анна Владимировна” аввал унинг қўл телефони рақамини ёзиб олиб, сўнгра уй телефони гўшагини қўйиб қўймасликни ва ўзи билан мунтазам алоқада бўлиб туришини талаб қилган. Бундан ташқари унга ҳамшира, шифокор, прокуратура ва ички ишлар ходимлари номидан ҳам тинимсиз сохта қўнғироқлар уюштирилган. Қисқача айтганда, жабрланувчи К. Л.нинг ҳам уй телефони, ҳам қўл телефони эрталабдан кечгача бир зум бўлса-да тин олмаган. Нафақат унинг телефони, балки уларнинг оилавий таниши М.А. ҳамда набираси М.Л.нинг телефонлари ҳам мунтазам банд қилиб турилган. Сабаби аниқ. Кимдир уларга қўнғироқ қилса ёки улар кимгадир қўнғироқ қилиб қўйишса, фирибгарларнинг барча тоат-ибодатлари бир пул бўлади.

Суд якунда барча оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳамда етказилган моддий зарарларнинг ўрни қопланганини инобатга олиниб, фирибгарларга тегишинча жазо тайинлади.

Гап бу ерда кимнинг қанча зарар кўрганию, кимнинг қанча муддатга қамалгани борасида эмас. Гап айрим кишиларнинг осон пул топиш учун турли усуллардан фойдаланаётгани ва алал-оқибатда баъзи ишонувчан юртдошларимизнинг не-не азоблар билан, пешона тери эвазига топаётган маблағларини фирибгарларга осонгина ўлжа қилаётганида. Бунда техника тараққиётини ҳам, ишонувчан инсонларни ҳам айблаб бўлмайди. Бироқ ўзларини устомон санаб, кишиларнинг ҳалол маблағини ўмараётган фирибгарлар аслида бировларга эмас, ўзларига, оилаларига ва фарзандларига фириб бераётганларини кеч англамоқда. Зотан, жиноятга жазо муқаррар. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?