Маҳалла раиси сайловлари: демократик тамойиллар асосида янги босқичга чиқмоқда

18:42 19 Апрель 2025 Жамият
189 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

2025 йил 19 апрель куни Ёшлар ижод саройида жорий йилнинг май-июль ойларида бўлиб ўтадиган маҳалла раиси сайловларини ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда сўнгги йилларда маҳалла институтининг жамиятдаги роли тобора ошиб бораётгани, мазкур тизимнинг босқичма-босқич ривожлантирилаётгани, унинг молиявий имкониятлари кенгайтирилаётгани таъкидлаб ўтилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳаллага қўшимча ваколат ва масъулият юклатилиб, унинг самарали фаолияти учун аниқ механизмлар белгилаб берилгани қайд этилди.

Ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 9 452 та маҳаллада 57 132 нафар “Маҳалла еттилиги” аъзолари фаолият юритмоқда. Улар аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилаларда тотувликни таъминлаш каби йўналишларда кенг қамровли ишлар амалга оширмоқда.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, маҳалла раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди. Шу билан бирга, мамлакат тарихида илк бор сайловлар янгича демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкораликда, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин ифода этиладиган шароитда ўтказилади.

Қонунга кўра, сайлов ўтказиш муддатларини белгилаш ваколати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига ўтказилди. Бу эса маҳаллаларнинг маҳаллий вакиллик органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди.

Матбуот анжуманида Маҳаллалар уюшмаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Айни пайтда мамлакатдаги маҳаллалар замонавий талабларга жавоб берадиган фаолият юритмоқда ва ислоҳотлар жараёнида локомотив бўғинга айланган.

“Маҳалла еттилиги”нинг бир йиллик натижаларига кўра, 4 901 та маҳалла жиноятчиликдан, 2 930 та маҳалла оилавий ажримдан, 1 795 та маҳалла эса ишсизликдан холи ҳудудга айланган. Аҳоли мурожаатларининг қарийб 80 фоизи маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда.

Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида 208 та туман (шаҳар)да “Маҳалла сервис компаниялари” ташкил этилди. Маҳаллаларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни халқаро миқёсда ҳам эътироф этилди – Ўзбекистонда “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида I халқаро конференция ўтказилди.

Сайловларга тайёргарлик доирасида Республика штаби, 14 та ҳудудий ва 208 та туман (шаҳар) комиссиялари қошида махсус штаблар ташкил этилди. 9 452 та маҳаллада ишчи гуруҳлар (85 150 нафар аъзо) фаолият олиб боради. Улар учун тегишли қўлланмалар, услубий тавсиялар, баннер ва плакатлар тайёрланиб, ҳудудларга етказилди.

Сайловда жами 2 591 823 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда. Матбуот анжуманида сайлов кампаниясининг расмий логотипи ва шиори ҳам намойиш этилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган жамоатчилик ва ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Бу галги маҳалла раислари сайлови – халқимиз хоҳиш-иродасига асосланган, демократия ва фаол фуқаролик жамияти тамойилларига мувофиқ ўтадиган тарихий жараён сифатида юртимиз сиёсий ҳаётида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?