Ўзликни англаш саодати

09:07 30 Сентябр 2025 Сиёсат
185 0

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 18 сентябрь сонида сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор...” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди.

Ҳар қандай одамни чуқур мулоҳазага ундайдиган ушбу мақолада миллий ўзига хослик, тарихга муносабат, халқнинг ўз ўтмишини қадрлаш эҳтиёжи, бугунги давлат сиёсатининг моҳияти, Президент фаолияти ва ички дунёси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан боғлиқ ғоялар жуда таъсирчан, шу билан бирга, самимий тарзда баён этилган.

Чуқур маънавий, сиёсий ҳамда фалсафий мазмунга эга, теран тарихий мулоҳазаларга бой, ҳақиқий интеллектуал таҳлил намуналаридан бири бўлган ушбу мақола кенг жамоатчилик томонидан ўқилмоқда, шу билан бирга, эътироф ҳам этилмоқда.

Тарихини билган — мағрур, билмаган — мазлум

Буюк аждодларимиз, донишманд ота-боболар тарихни улуғ мураббийга қиёслаши бежиз эмас. Дарҳақиқат, мозийдан сабоқлар ҳар бир халқ, миллат учун тиниқ кўзгу тутади. Ўтмиш хатоларидан тўғри хулоса чиқариш ва эртанги кун истиқболи учун дадил қадам ташлашга ундайди.

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор...” сарлавҳали мақоласида кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва эзгу ғоялари асосида тарих ҳамда бугунги кун ўртасидаги узвий ришталарни мустаҳкамлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар аниқ ҳаётий мисоллар орқали чуқур таҳлил қилинган. Ватан равнақ-ривожи, миллат орзуси, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, мавқеини баланд кўтаришга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотларнинг асл ўзаги ҳамда моҳияти аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилган.

Муаллифнинг бир қарашда жайдари, лекин самимий фалсафаси ҳар қандай инсонни чуқур мушоҳадага чорлайди. Бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнидаги масъулият, дахлдорлик туйғусини кучайтиради. Юртимиз ва дунёда кечаётган турфа жараёнларга тийрак нигоҳ билан қарашга даъват қилади.

Бунёдкорлик ва яратувчанлик саодати

Бирда бунёд этиш, бирда вайрон қилиш инсониятга хос тушунча. Одамзод яралибдики, бу каби мафкуралар кураши асло тиним билмайди. Шу маънода айтганда, бугун сайёрамизнинг ҳар бир бурчаги, ҳар қарич ерида инсон онгу тафаккури учун кескин кураш кечаётгани айни ҳақиқатдир.

Бугунги глобаллашув даврида бирда очиқ-ошкора ёвузлик ниқобини кийган, бирда маданий йўллар орқали сингдиришга ҳаракат қилинаётган мафкуралар хуружи тобора кенг қулоч ёзаётгани ҳам бор гап. Ана шундай шароитда миллат ва жамиятни муштарак мақсад йўлида ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш, ҳамфикр ва ҳаммаслак бўлишига эришиш ҳар қандай давлат раҳбарига ҳам насиб этавермайдиган бахт.

Одатда, зулматдан кейин ёруғ йўлга чиққанда бир муддат кўзлар бундай манзарага кўникишга қийналади. Лой, балчиқ йўлдан катта ва текис йўлда юриб борар экансиз, оёқ кийимидаги лой йўлда анча вақтгача ўзининг “из”ини қолдиради. Бу билимсизлик, тажрибасизликдан эмас. Инсоннинг феъли, табиати шунақа: у баъзан кўз илғамас олис самолардан мўъжизалар кутади. Аммо шундоққина ён-атрофида содир бўлаётган тарихий жараёнлар, эврилишларни ўз вақтида пайқай олмаслиги мумкин.

Мақолада жуда ҳам ўринли эътироф этилганидек, “Шавкат Мирзиёев феноменидаги “ўзга”лик шундаки, у ичидаги орзу-армони, ўз халқи, Ватанига бўлган ёниқ муҳаббатини намойишкорона ифода этмади. Писанда қилганлар, турли даражадаги кинояю қочиримлардан баландроқ турди. Аммо унинг фаолиятини жиддий кузатган киши Президент сийратидаги асл манзарани, оташин Қояни илғаши мумкин”.

Бу эса бунёдкорлик ва яратувчанликнинг улуғ саодати билан йўғрилган эзгу ғоядир. Унда халқимизнинг энг некбин орзу-мақсадлари, фазилатлари ва эртанги кунга юксак ишончи, интилиши мужассам. Бундай ғояларни бунёдкор ва буюк эл умиди, қайғусидан куч-қувват оладиган, нафақат кўҳна тарих, буюк аждодлар ҳурматини жойига қўядиган, бугунги кун фидойиларини боши узра баланд кўтарадиган давлат раҳбари амалга оширади.

Буниси энди — фахр. Буниси энди — ғурур. Фақат ушбу жараёнда шунчаки томошабин бўлиб туриш эмас, давлат раҳбарига бақамти бўлиб, унга қанот бахш этиш, фаоллик ва фидойилик кўрсатиш жуда ҳам муҳимдир.

Мозийдан таралган нур

Дунёда ҳар бир халқ ўз тарихини авайлаб асрайди, бу табаррук меросдан келажак сари илдам одимламоқ учун куч-қувват олади. Зеро, тарих — буюк мураббий, инсон маънавияти, руҳияти ва фикрини тарбиялайди, тафаккури учун беқиёс тасаввур беради, ўтган буюк сиймоларнинг ҳаёт йўли ва илмий-маърифий, амалий фаолиятидан хабардор этади.

Донишмандларимиз таъбири билан айтганда, қуёш бутун оламни мунаввар қилса, мозийдан таралган нур бугун ва келажакни нурафшон этади. Буни шунчаки рамзий ўхшатиш сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. Лекин бу ўхшатиш замирида олам-олам маъно бор.

Тарих сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган халқимизнинг бирда шодумон, бирда қайғули кечмиши бисёр. Келинг, шу ўринда мақоладаги яна бир куюнчак фикрга эътибор қаратамиз: “Тан олиш керак, бизда тарихга назар турли даврларда турлича бўлган. Шундай вақтлар бўлдики, баъзан унинг итоаткор қулига айландик. Баъзан эса ундан фахрланиш билангина ўзимизни овунтирдик. Билгунимизча тўқиб-бичдик, қўлга қайчи олиб, истагимизга мосладик”.

Мақолада эътироф этилишича, буюк аждодларнинг муқаддас хотираси, миллатнинг, Ватаннинг қадр-қимматини жойига қўйиш, топталган, баъзан оёқ ости қилинган шону шавкатини улуғлаш Президент Шавкат Мирзиёев мафкуравий сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ учинчи Ренессанс ғоясини илгари сурди. Бу дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган ва биринчи, иккинчи Ренессанс пойдеворини яратган улуғ аждодларимизга ҳурматнинг ёрқин намунасидир.

Мақола мавзусига асосий ғоя бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини қуриш ташаббуси ҳам Президентимиз томонидан 2017 йили кўтарилган эди. Ўтган даврда ушбу ташаббус реал ҳаётий воқеликка айланиб, мамлакатимиз пойтахтидаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида 10 гектар майдонда муҳташам марказ қад ростлади. Унинг қурилишида кўҳна Шарқ, миллий меъморчилик анъаналари ҳамда замонавий шаҳарсозлик архитектурасининг энг илғор ютуқлари умумлаштирилди.

Муаззам мажмуада дунёнинг 100 дан ортиқ илмий институтлари, музей ва кутубхоналари филиаллари очилиши кўзда тутилаётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Айни пайтда жаҳонга сочилиб кетган юзлаб тарихий-маданий меросимиз намуналари, асл нусхалари қайтарилаётгани эса эътиборга молик.

Мақолада давлатимиз раҳбарининг шу йил мустақиллик байрами арафасидаги фаоллар билан бўлган учрашувдаги нутқидан келтирилган иқтибосга эътибор қаратамиз: “...Нима учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини қилдик? Миллатимизнинг шону шавкатини тарихга муҳрлаб қўйиш учун. Бу ерга кирган одам чиққандан кейин бу миллатга таъзим қилиши учун қилдик буни... ”

Ватанга садоқат туйғуси

Шубҳасиз, ўзликни, Ватанни англаш тириклик дунёсидаги энг қутлуғ саодатдир. Ватан туйғуси қалбимиз туб-тубидаги булоқлар кўзини очиб юборади. Томиримиздаги аждодлар қонини жўштиради. Ўтмиш, бугун ва келажак ҳақидаги тасаввурларимизни ғоятда кенгайтиради.

Айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тимсолида буни яққол англаб етиш, ҳис қилиш имкони бор. Бунёдкор эл — буюк эл. Тарихнинг ёрқин солномаси бўлиб хизмат қилувчи бу каби улкан ва салобатли кошоналарни фақат эзгу фазилатлар соҳиби бўлган халқ бунёд этади. Ўзбек халқи ана шундай хислатлар соҳиби, десак, асло муболаға бўлмайди.

Бундан кўринадики, мақолада давлат раҳбарининг айни шу фазилатига ниҳоятда ўринли таъриф берилган: Шавкат Мирзиёев илгари сурган ғоя глобал, умуминсоний аҳамияти билан ниҳоятда ноёбдир. Марказга жаҳоннинг юзлаб нуфузли олимлари ташриф буюриб, бу ерда ижодий ва илмий фаолият олиб бориши буюк кашфиётлар, улкан ютуқларга пойдевор бўлади. Ўз вақтида биргина Маъмун академиясида эришилган тарихий ютуқлар бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Шаҳарларда ўтмиш билан бугунги кун, замон нафаси ҳамоҳанг яшайди, дейди донишмандлар. Буни кейинги йилларда янгича қиёфада намоён бўлаётган мамлакатимизнинг бош кенти — Тошкент, пойтахтнинг дуру марвариди бўлган — эски шаҳар мисолида кўрса бўлади. Бир пайтнинг ўзида миллий қадриятларга мос шарқона латофати, шу билан бирга, замонавий тараққиёт мезонларига монанд юксалаётган эски шаҳар халқимизнинг барча орзу-истакларини ўзида тўлиқ мужассам этган.

Умуман олганда, Тошкент кейинги йилларда “Шарқ дарвозаси” деган мақомга ҳар жиҳатдан муносиб бўлиб бормоқда. Ана шундай тарихий жараённинг гувоҳи ва иштирокчиси, фаоли, фидойиси бўлиш бугунги авлодларга насиб этаётгани улкан бахтдир.

Мақолани ўқиш асносида хаёлдан ўтган, қалбни уйғотган ва янада сергаклантирган туйғулар бир олам. Бундан келиб чиқадиган биринчи хулоса шуки, бугун биз Шавкат Мирзиёевнинг миллатга, Ватанга бўлган чексиз муҳаббати, ўз она халқи олдидаги фарзандлик бурчига бўлган садоқатини кечаги кун хатолари, халқнинг дилидаги андуҳларни ювиб кетадиган толенинг бир иноятидек қабул қилсак адолатдан бўлади, албатта.

Шавкат АЮПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президенти,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?