Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Ўқиш, изланишни канда қилмаган киши ҳаётда асло кам бўлмайди. Бухоро давлат техника университети жамоаси, талабалари, қолаверса, вилоят ёшлари Абубакир Атоев мисолида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Мазкур университет докторанти саналган бу йигит Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эълон қилинган “Энг яхши ғоя” республика танловида ғолиб чиқиб, Президент совғаси — автомобиль билан тақдирланди.
— Абубакирнинг ютуғи барчамизни беҳад қувонтирди, — дейди университетнинг “Электр ва энергетика муҳандислиги” кафедраси профессори Насулло Саъдуллаев. — Унинг илмий изланишлари инновацион ғоялар билан уйғунлиги, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш жараёнини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Қолаверса, самарали фаолияти кўплаб талаба-ёшларимизга ибрат вазифасини ҳам ўтаяпти.
А. Атоев нуфузли танловда “Сув тақсимлаш иншоотлари учун вертикал ўқли микроГЭСни ишлаб чиқиш” лойиҳаси билан қатнашди. Ғоя мамлакатимиз илм-фани ва инновациялар соҳасида муҳим аҳамиятга эга, дея эътироф этилди.

— Сир эмас, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи дунё миқёсида долзарб муаммолардан саналади, — дейди А. Атоев. — Негаки, анъанавий энергия манбалари битмас-туганмас эмас. Бунинг устига улар атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўляпти. Натижада ҳаёт “яшил иқтисодиёт” концепциясини кун тартибига қўймоқда. Фикримча, бу масала ечимида қишлоқ хўжалиги сув тақсимлаш иншоотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш жуда қўл келади. Негаки, юртимиздаги кўплаб каналларнинг паст оқимли сувида потенциал энергия етарли даражада мавжуд. Буни нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам исботлашга эришдим. Бинобарин, миниГЭСлар ўрнатган ҳолда паст оқимли сувдан ҳам электр энергияси олиш мумкин. Аммо бу имкониятдан етарли даражада фойдаланиляпти, дея олмаймиз.
Ёш олим таклиф этаётган лойиҳа ушбу муаммони ҳал этишга хизмат қилади. У инновацион ғоя бўлиши билан бир қаторда ҳам иқтисодий, ҳам экологик томондан фойдали. Айнан шу каби жиҳатлар эвазига Абубакир Атоев танлов ғолиблигига эришди ва Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланди.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг