Қимирлаган қир ошар...

16:50 27 Январь 2025 Жамият
173 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Минг йиллар аввал ҳам “маҳалла” атамаси бўлган. Хусусан, Алишер Навоийнинг “Ҳайрат-ул аброр” достонида “Шаҳарлар отини маҳалот этиб, Бўлди чу юз шаҳар Ҳири от этиб”, дея таърифланган. Бугун маҳалланинг ваколати, фаолларнинг вазифа ҳам янгиланди. Кечагина фақат оила, яшаш жойи ҳақида маълумотлар бериш, юқоридан келган топшириқларни бажариш билан чекланган тизим ўрнида одамлар ҳаётини фаровонлаштириш, ҳудудни обод қилиш, тадбиркорликни ташкил этиш ҳисобига иш ўринлари яратиш учун жон куйдирадиган шаҳар ичидаги шаҳарча барпо этилмоқда.

Биргина “Обод маҳалла” дастури асосида Жиззах шаҳри “Олмазор” маҳалласининг ўзида қанча ишлар амалга оширилди. Маҳалла ташкил бўлгандан буён текисланмаган кўчалар равонлаштирилиб, асфальт ётқизилди. Эски симёғочлар янгисига алмаштирилди. Трансформаторлар таъмирланди.

— “Маҳалла еттилиги” катта имкониятлар эшигини очди, — дейди “Олмазор” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Наби Маматқулов. — Илгари маҳалла идорасига борсангиз одамлар гавжум бўларди. Кимдир моддий ёрдам сўраб келган, бошқаси қўшниси билан ер, сув талашиб келарди. Бугун ҳоким ёрдамчиси даромади кам оилаларга ёрдам кўрсатса, ижтимоий ходим ёрдамга муҳтожларни ўрганиб чиқмоқда. Ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари аҳолининг бандлигини таъминлаш йўлида камарбаста.

Президентимиз Жиззахга ташрифи чоғида Шароф Рашидов туманидаги “Туёқли”, Зарбдор туманидаги “Лалмикор” маҳалласидаги хонадонларга кириб, томорқани ҳақиқий даромад манбаига айлантириш борасида қилинаётган ишлар билан танишганди. Буни олмазорликлар оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб, оёққа туришди. Айни пайтда 26 гектар томорқа ерларнинг 21 гектарига полиз ва сабзавот экинлари экилди.

“Олмазор” маҳалласида олиб борилаётган ишларни кўрган банкирлар ҳам аҳолини кўпроқ даромад олишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. “Алоқа банк” ҳомийлигида 100 оила танлаб олиниб, 10 тадан жайдари товуқ, уларга тайёр катаклар етказиб берилди. 7 та оилага чорва, асалари боқиш ва иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит пакетлари тақдим қилинди. “Бизнесни ривожлантириш банки“ акциядорлик тижорат банки кўмагида 100 млн. сўмдан имтиёзли кредит ажратилди. Бу қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.

Бундай хайрли ишлардан маҳалла тадбиркорлари ҳам четда тургани йўқ. Маҳаллада муваффақиятли фаолият кўрсатаётган учта тадбиркорлик субъекти лидер тадбиркор сифатида оилаларга бириктирилди. Масалан, тикувчиликка ихтисослашган Дилафруз Икромова 30 та оиладаги хотин-қизларга иш ўргатиб, касаначилик ташкил этишга киришган. Умид Турсунматов мебелсозлик, Сувонқул Икромов иссиқхоналар қуриш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш сирларини ўргатмоқда.

Кейинги йилларда маҳалла ҳудуди улкан қурилиш майдонига айланди. Бу ерда Жиззахда биринчи бўлиб “Олмазор сити” номи билан машҳур турар жой мавзеси барпо этилди. 16 қаватли осмонўпар бинолар маҳалла чиройига кўрк бағишлаб турибди. Бу ерга юзлаб оилалар кўчиб келиб, аҳоли сони 12089 тага кўпайди. Хонадонлар сони 3402 тага етди. Маҳалла ҳудуди кенгайиб, бугун 74 гектарни ташкил этмоқда.

Албатта, аҳоли сонининг кескин ошиши ҳисобига маҳалла фаолларининг иши ҳам кўпайди. Лекин ҳамма “Раис опа” дея ҳурмат қилувчи Норбуви Шамсиева бошчилигида бу ерда ҳам ўзига хос тартиб йўлга қўйилди. Ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозаликни сақлаш чоралари кўрилди. Тадбиркорлик қилишни истаган фуқароларга кўп қаватли уйларнинг ертўласидан жой ажратилди. Айни пайтда бу ерда олти нафар тадбиркор фаолият олиб бормоқда. Ҳудудда янги мактаб қуриб, ишга туширилди. Мактаб ёшигача бўлган болалар таълим тарбиясини йўлга қўйиш учун маҳалла ҳудудида 10 та давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, 30 та янги иш ўринлари яратилди. Маҳалла аҳил. Қандай иш бўлишидан қатъий назар, ёшу қари ҳашарга чиқади. Шу сабабли ҳар бир мавсумда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳада ҳам олмазорликлар енг шимариб иштирок этмоқда. Баҳорги мавсумда кўчаларга 2050 туп дарахт кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?