Қадамида гуллар унган Гуллола

14:00 08 Декабрь 2024 Жамият
407 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Мустақиллик шаббодаси эсаётган 1990 йилнинг 6 март куни Саъдулла ака хонадонида янги чақалоқ дунёга келди. Янги меҳмонга яхши ният билан Гуллола дея исм қўйишди. Гуллоланинг болалиги гулдек ўтмади. Бешариқ туманининг “Ифтихор“ маҳалласида яшовчи Гуллола оиласидаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли мактабдан кейин ўқишни давом эттира олмади. Қўшни “Дўстлик“ маҳалласидаги Хўжамқуловлар оиласига келин бўлиб тушганида унинг қўлида на иши, на ҳунари бор эди. Турмуш ўртоғи Шуҳратжон билан кўп машаққатларни бошдан кечирди.

Оилада қизлари улғайиб бораркан, ота-онанинг ташвиши янада ортди. Мавсумий юмушлар орқали топилган пул оила тирикчилигига зўрға етарди. Бугунги кенг қамровли ислоҳотлар маҳалла тизимигача кириб боргач, Хўжамқуловлар оиласи ўз томорқасида иссиқхона ташкил этди. Оила бекаси “Аёллар дафтари“га киритилиб, гулчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун банкдан 30 миллион сўм имтиёзли кредит берилди.

— Шу тарзда ҳаётимизда янги тонг отди, — дейди Гуллола Хўжамқулова. — Бугунги кунда оиламиз тасарруфида 15 сотих иссиқхона мавжуд. Унда 100 хилдан зиёд кўп йиллик гулларни парваришлаб сотишни йўлга қўйганмиз. Биргина ўтган 2023 йилнинг ўзида 300 минг тупдан зиёд гул сотиш орқали 300 миллион сўм даромад олдик. Йилнинг тўрт фаслида ҳам анвойи гуллар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказиб берилади. Қўшни Тожикистонга экспорт қилинади.

Эндиликда мазкур оила маҳаллада энг намунали хонадон сифатида эътироф этилади. Оила бекаси ўз хонадонида гулчилик мактабини ташкил этган. 20 нафар маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаган. Гулчи оила тажрибасини ўрганиш учун Бешариқ тумани, Фарғона вилоятининг барча ҳудудларидан келишади.

Қувонарлиси, бугунги кунда банк масъулларининг ўзи бу оила билан ҳамкорлик қилиш истагида. Яқинда Бизнесни ривожлантириш банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бизнес-режа доирасида Хўжамқуловлар оиласига гулчилик тармоғини янада ривожлантириш учун 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

— Айни пайтда “Дўстлик“ МФЙдаги 525 та хонадонда 2518 нафар аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 1194 нафари хотин-қизлардир, — дейди маҳалладаги хотин-қизлар фаоли Дилрабо Усмонова. — Бевосита “Аёллар дафтари“ билан ишлашда маҳаллада ўзига хос тажриба шакллангани эътиборга лойиқ. Жорий йилда ҳудуддаги 60 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари“ рўйхатига киритилганди. Шу йилнинг ўтган даврида 2 та оилага айнан, гулчиликни ривожлантириш, 2 та оилага чорвачилик ва асаларичилик, 1 та оилага боғдорчилик йўналишида имтиёзли кредит берилди. Бир гуруҳ ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди. Ипак қурти боқиш, деҳқончилик юмушларига жалб этилди.

Бу борада Гуллола Хўжамқулова оиласидаги ўзгаришлар маҳалладаги барча опа-сингилларга намуна. 2023 йилда Хўжамқуловлар оиласида яна бир фарзанд туғилди. Ясмина тинч-фаровон ҳаёт шукуҳидан баҳраманд бўлиб улғаймоқда. Икки опаси мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Олий таълимда ўқиш армон бўлиб қолган ота-оналари қизларини жамиятимиз учун манфаати тегадиган яхши инсон, мутахассислар қилиб тарбиялаш ниятида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?