Ўзи инжиқ, парвариши оддий, аммо даромади катта
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Илгари қўзиқоринни дала, даштларда бир мавсумда кўрардик. Кейинги баҳорнинг момақалдироқ давригача уни тотиб кўриш имкони бўлмасди. Бугун йилнинг тўрт фаслида ҳам бозор, дўкон расталарида қўзиқориннинг ҳар хил турини учратиш мумкин. Шеробод тумани Мажнунтол маҳалласида яшовчи Ҳасан Бобомуродов ўз ҳовлисида 50 квадратли махсус хона ташкил қилди. У ерда истеъмол учун яроқли “вешанка” ва “шампиньон” каби қўзиқорин турларини етиштириб келмоқда.
— Қўзиқорин бизнесидан олдин хорижга мавсумий ишлаб келдим. Мусофирчиликдан топганимнинг ҳеч бири икки бўлмади, — дейди тадбиркор. — Ноилож қўзиқорин етиштириш орқали даромад топишга киришдим. Қўзиқорин бизнеси билан шуғулланиб юрганлардан тажриба ўргандим. Имтиёзли кредит олиб, уй шароитида 50 квадрат метр майдонда кичик қўзиқорин фермасини ташкил этдим. Махсус лабораторияларда тайёрланган уруғлар Тошкентдан келтирилади. Махсус селофан пакетларга 2,5 кг. чигит қипиғи (шелуха) солинади. Унга 200 г уруғ жойланади. Нам ҳолатда селофан пакет 4 кг.га етади. Дарвоқе, қўзиқоринлар намликни севади. Қишда иссиқ, ёзда салқин нам шароит керак. 50 квадрат метрли хонага минг дона шундай қопчаларни жойлаш мумкин. Уруғлар 10-15 кунда униб чиқади. 28 кунда ҳосилга кириб, бир ойда тўлиқ пишиб етилади. Битта қопчага жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Бир йилда 10 тоннага яқин ҳосил олиш имконияти мавжуд. Афзаллик томони, кам харажат, ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган қўзиқорин йил давомида ҳосил беради. Айни пайтда етиштираётган қўзиқоринларимнинг улгуржи нархи бир килоси 25 минг сўм. Икки теримим 50-60 миллион сўмга етди. Ҳали яна олдинда икки терим бор.
Мутахассислар таъкидлашича, қўзиқоринлар нафақат катта даромад келтиради, балки фойдали витамин ва оқсилларга бой. Ушбу маҳсулот ажойиб парҳезбоп таомлар тайёрлашда қўл келади. Таркибидаги фосфор миқдори балиқ гўштидагидан каммас. Қўзиқоринлар таомларнинг таъмини туздан ҳам кўпроқ яхшилайди. Чунки улар таркибида глутамат рибонуклеотидлари мавжуд. Ушбу бирикмалар қон босимига ёки юрак хасталиги хавфига ҳеч қандай таъсир қилмасдан мазали таъм беради. Қўзиқоринларнинг бутун қисмида атиги 5 мг натрий мавжуд. Шунингдек, қизил гўшт учун ажойиб ўринбосар бўлиб, қўшимча калория, ёғ ва холестеринни камайтиради.
Қўзиқорин истеъмоли суякларни мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Бундан ташқари, ушбу неъмат “B” гуруҳи витаминларига бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Улар организмга истеъмол қиладиган озиқ-овқат энергиясидан фойдаланишга ёрдам беради. Кислород ташийдиган қизил қон ҳужайраларини ишлаб чиқаради.
Бугун Ҳасан Бобомуродов бошлаган иш маҳаллада қулоч ёймоқда. У томорқачиларга қўзиқорин экишга ёрдам бермоқда. Ишсиз юрган ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, яхши даромад топишига кўмаклашмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг