Ўзбекистонлик ёш тиббиёт ходимлари халқаро майдонда эътироф этилмоқда
Шу йилнинг 15-17 февраль кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган X Бутунроссия “Перинатал тиббиёт: прегварид тайёрланишдан соғлом оналик ва болаликка” мавзусидаги конференц-марафонда Ўзбекистон вакиллари учта илмий маъруза билан иштирок этди.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази маълумотига кўра, ёш мутахассислар танловини муваффақиятли ўтаган, ушбу марказнинг 29 ёшли шифокори Эдвард Ахмадиев Санкт-Петербургдаги конференц-марафонда ўз илмий ишини тақдим этди.
Унинг илмий иши она ва туғилажак боланинг соғлигига таҳдид солувчи преклампция касаллиги пайтида аниқ ташхис қўйишга йўналтирилган замонавий тадқиқотларга бағишланган. Ўзбекистон вакилининг ушбу маърузаси халқаро анжуманда шифокорлар учун амалий йўналиш сифатида тан олинди ва иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
Эдвард Ахмадиевнинг айтишича, конференция ўзининг мавқейи жиҳатидан ҳамда кенг кўламли илмий-амалий инновациялар ва ишланмалар билан аҳамиятли бўлди. Анжуманда тўпланган тажрибаларнинг энг яхшилари мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида қўллаш учун Республика она ва бола маркази ва унинг ҳудудий филиаллари шифокорлари ўртасида муҳокама этилади.
Форумда, шунингдек, 5 нафар ўзбекистонлик мутахассислар қатнашди. Бундан ташқари, конференц-марафонда Қозоғистон, Беларус, Полша вакиллари иштирок этишди.
Конференц-марафондан мақсад акушер-гинекологлар, неонатологлар ва педиатрларнинг аёллар ва болаларга кўрсатадиган тиббий ёрдамни такомиллаштириш борасидаги ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат. Уч кун давом этган конференция давомида етакчи россиялик соҳа экспертлари ва бошқа мамлакатлар вакиллари перинатал тиббиёт, туғруққа ёрдам бериш ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим жиҳатларига оид мавзулар хусусида фикр алмашдилар.
Жорий анжуманда 274 нафар спикер сўзга чиқди, 546 та маъруза тақдим этилди, шунингдек, 188 та секцияларда бир қатор долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Конференция ишида 2981 киши бевосита, 5762 нафар мутахассис эса онлайн форматда иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, Республика она ва бола саломатлиги маркази вакиллари ушбу кенг миқёсли тадбирда мунтазам қатнашмоқда. Илмий анжуман ўзбекистонлик мутахассислар учун янги тиббий технологиялар бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, амалий тиббиёт ва касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш майдони бўлиб хизмат қилди.
Бундан ташқари, Она ва бола маркази Санкт-Петербургнинг учта етакчи тиббиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Д.О.Отта номидаги акушерлик, гинекология ва репродуктология илмий текшириш институти, В.А.Алмазов номидаги Миллий тиббий тадқиқот маркази, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети шулар жумласидандир. Россия томони билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари доирасида ушбу тиббиёт марказларида ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака ошириши, Санкт-Петербург вакилларининг ўзаро илмий ва амалий тажриба алмашиши ва Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига ишчи сафарлари ташкил этилади.
Россиянинг ҳамкор тиббиёт марказлари раҳбарлари шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Акушерлик ва гинекологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги юбилей конференциясига таклиф этилди. Ушбу тадбир Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилганининг 50 йиллигига бағишланган бўлиб, унинг негизида ҳозирги Она ва бола саломатлиги тиббиёт маркази ташкил этилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг