Ўзбекистонда Президентлик сайловида қанча хотин-қиз овоз беради?

07:24 20 Октябр 2021 Жамият
395 0

Халқаро медиа-холлда 18 октябрь куни “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари иштирок этди.

“Одатда сайлов ўтгандан сўнг ҳар бир жараён чуқур ўрганилади ва таҳлил қилинади. Шу билан бирга, қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Шуни айтишимиз мумкинки, бу йилги президент сайлови мутлақо янгича руҳда, янгича кайфиятда бўлиб ўтмоқда” – деди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Таъкидланишича, бугунги кунда Президентлик сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 102 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2019 йил Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияларининг таркибида 54 минг 361 нафар аёл иштирок этган. Бу йилги рақамлар билан солиштирганда ушбу кўрсаткич 21,3 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтган давр мобайнида Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир 19 та қарор ва жами 15 та норматив-ҳуқуқий хужжатлари қабул қилинган. Шу билан биргаликда, жойларда Президентлик сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари ва 10 760 та сайлов участкалари тузилиб, сайловга тайёр ҳолга келтирилган.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида ҳотин-қизларнинг муносиб иштирок этишини кузатувчи 11 та Индикаторлар ишлаб чиқилди:

1. Марказий сайлов комиссияси аъзолари;

2. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларнинг аъзолари;

3. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг аъзолари;

4. Сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари;

5. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакиллари;

6. Сиёсий партиялардан кузатувчилар;

7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар;

8. Аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакиллари;

9. Сайлов ташкилотчиларини ўқитиш жараёнига жалб қилинган Республика тренерлари таркибида;

10. Ана шундай ҳудудий тренерлар таркибида;

11. Сайловчилар.

Ушбу индикаторлар бу йилги сайлов кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинмоқда. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларининг 1565 нафаридан 437 нафарини (32,6%) хотин-қизлар ташкил қилмоқда.

Маълум қилинишича, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайловчиларнинг 17 октябрь ҳолатига 10 762 291 нафари (50,6%) аёллар ташкил этади.

Мадина Ғузорова, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?