«Ўз уйинг — Ватан ичра мўъжаз ватанинг!»

13:19 29 Январь 2025 Жамият
92 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Маълумки, дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам аҳолисининг бир қисми ижарада яшайди. Ҳатто умр бўйи ишлаб хусусий уй-жой сотиб олишга имкон топмайди. Бу масалада юртимизда яратилаётган имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат замирида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашдек олийжаноб мақсадлар мужассам. Зеро, инсон оиласи билан тинч-тотув яшаш учун ўз уйига эга бўлсагина кўнгли хотиржам, ўзи ҳаётдан рози бўлади, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан қарайди.

Кейинги йилларда Хоразм вилоятида ҳам урбанизация жараёни тезлашиб, шаҳарларда кўп қаватли уйлар қурилиши кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра 2017 йилда вилоятда кўп қаватли уйларда 318 минг квартира мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 400 мингдан ошиб кетди. Ўтган 2024 йилда вилоят бўйича 178 та кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, шуларнинг 68 таси «Янги Ўзбекистон» массивларига тўғри келади. Шу кунгача «Янги Ўзбекистон» массивларида 4 мингдан зиёд хонадонга эга 112 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Умуман, вилоятда «Янги Ўзбекистон» массивларида 19800 та хонадонга эга 555 та кўп қаватли уйларни барпо этиш режалаштирилган.

Урганч туманидаги ал-Хоразмий шаҳарчасида барпо этилаётган янги кўп қаватли уй-жойлар қулайликлари, лойиҳанинг ўзига хос дизайни билан аҳолига жуда маъқул бўлмоқда.

— «Ўз уйинг — ўлан тўшагинг» деган гап қанчалар ҳақиқат эканини биз каби ижарама-ижара юрганлар яхши билади, — дейди янги уй соҳибаси Олтин Бердимуродова. — Ўз уйимиз бўлишини йиллар мобайнида орзу қилгандик. Лекин қанча ҳаракат қилмайлик, рўзғордан, бола-чақадан орттириб, уй олишга қурбимиз етмади. Шаҳарчада янги қурилган уйлардан 3 хонали квартирани субсидия асосида сотиб олдик. Шинам хонадонда барча шароитлар муҳайё. 2025 йилни янги уйда кутиб олиш бахтига мушарраф бўлдик. Энг қувонарлиси, шаҳарчанинг ўзида мактаб, боғча, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, ёшлар технопарки мавжуд. Ал-Хоразмий номидаги янги университет ҳам барпо этилади. Президентимизнинг ғамхўрлиги бўлмаса, бундай замонавий уй-жойлар қаёқда эди, дейсиз. Илоҳим юртимиз тинч, халқимиз манфаати йўлидаги ислоҳотлар бардавом бўлаверсин.

— Анча йиллардан бери оиламизга мос, ихчам, барча қулайликларга эга уй-жойга эга бўлишни орзу қилардик, — дейди янги уй соҳиби Эргаш Йўлдошев. — Узоқ муддатли имтиёзли кредит берилиши туфайли ниятимизга етишдик. Уч хонали, ҳавас қилса арзигулик чиройли уйга эга бўлдик. Яқинда янги уйга кўчиб ўтгач, фарзандимиз дунёга келди. Фарзандларим шундай файзли, озода, ҳамма қулайликларга эга уйда камолга етишидан қувончим, давлатимиздан раҳбаридан миннатдорлигим чексиз!

— Янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этилаётган уйлар ўзининг нархи, шинамлиги ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати бўйича аҳолига жуда маъқул бўлмоқда, — дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси шўба бошлиғи Шерзод Аметов. — Улар маҳаллий шароит ва миллий архитектура анъаналарини ҳисобга олган ҳолда жуда пишиқ-пухта қилиб қуриляпти. Янги лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уйларда энергия тежайдиган материаллар, замонавий қурилиш конструкцияларидан кенг фойдаланилди. Пудрат ташкилотлари учун берилган имтиёзлар қурилиш корхоналари иқтисодий аҳволини яхшилаш, моддий базасини мустаҳкамлаш, барпо этилаётган уйлар таннархи ошиб кетишини олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда мамлакатимиз Президенти ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилишига фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи деб эмас, балки ҳудуд иқтисодий ривожланишининг асосий «драйвери» сифатида қараш лозимлигини таъкидлади. Жумладан, ўтган йил уй-жой қурилиши Хоразм вилоятида яхши ташкил этилганини қайд этди. Эндиликда кўп қаватли уйларни қуриш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация қилиш билан боғлиқ масалалар янги ташкил этиладиган «Ўз уйим» компанияси орқали ўз ечимини топади. Халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиладиган, келгуси беш йилликка мўлжалланган уй-жой стратегияси халқимизнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?