«НКМК» АЖ фаолиятида экология ва атроф-муҳитни муҳофазаси

«НКМК» АЖнинг матбуот хизмати
Бугун Қизилқумни қуш парвози нуқтасидан кузатган киши чўлда улкан бунёдкорликларнинг гувоҳи бўлади. Расмий статистика биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қумликлар бағридаги Учқудуқ тумани ҳудудида 237, Нуротада 175, Конимехда 155 ва Томдида 116 янги корхона ташкил этилганини қайд этади. Қарийб етмиш йил аввал саҳрога саноат олиб келган НКМКнинг(бугун АЖ мақомида) улушига эса мезонлар ожиз.
«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг фаолиятида хоҳ бийдай саҳро бўлсин атроф-муҳитга зарарсиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш бугунги куннинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, комбинатнинг барча ишлаб чиқариш корхоналарига атроф-муҳитга зарар етказувчи моддаларнинг 95-99 фоизини тутиб қолувчи фильтрлар, чанг-газ тозалаш ускуналарнинг ўрнатилгани бу борада фикримизнинг яққол далилидир. Жумладан, биргина, 3-гидрометаллургия заводининг майдалаш цехига тозалаш самарадорлиги юқори бўлган 3 та қўшимча чанг-газ қурилмаларининг ўрнатилгани 62 тонна зарарли чанг-газларни ушлаб қолиш имконини бермоқда.
— Шунингдек, комбинат тизимидаги 2, 4, 5-гидрометаллургия заводлари ҳамда «Маржонбулоқ» олтин ажратиш фабрикаси чиқинди омбори ва барча шахта, карьерларда ишлатилган оқова сувлари тозалаш иншоотларида қайта тозаланиб, ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда, — дейди «НКМК» АЖнинг меҳнат муҳофазаси бўйича директори Алишер Турсунов. — Рақамларда ифодаласак, 2021 йилда 100 млн кубметр умумий техник сувнинг 18 фоизи ёки 18,2 млн кубметр қайта ишланган бўлса, жорий эса 134,3 млн кубметр техник сувнинг қайта ишлаш ҳажмини 34 фоизга ошириш ёки 46 млн кубметрга етказиш мўлжалланмоқда.
Ушбу маълумотлар «НКМК» АЖнинг «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги, ютуқ ва истиқболдаги режалар» мавзусидаги матбуот анжуманида ОАВ вакиллари эътиборига ҳавола этилди.
Анжуманда шунингдек, комбинатда энергияни иқтисод қилиш мақсадида, бўлинмалар иссиқ сув таъминоти учун 260 та гелио қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилгани, 2020 йилда 977 гектар, 2021 йилда 307,9 гектар, умуман комбинат фаолияти давомида қарийб 37 минг гектар ер рекултивация қилингани таъкидланди.
— Корхонамизнинг Шимолий ва Жанубий кон бошқармаларида яроқсиз автомобиль шиналарини пиролиз йўли билан қайта ишлаш қурилмалари жорий этилган, — дейди «НКМК» АЖ атроф-муҳит муҳофазаси бўлими бошлиғи Шоҳида Ортиқова. — Яроқсиз шиналарни қайта ишлаш натижасида пиролиз ёқилғиси, металлолом ҳамда техник углерод иккиламчи маҳсулот олинмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида эса 122,7 гектар майдонга 168,2 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 2020 ва 2022 йилларда экологик акция доирасида корхонамиз ёшлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриган ҳудудида 120 минг тупдан ортиқ саксовул кўчатлари ўтқазилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг