НамДУ томонидан Покистоннинг Лаҳор университетида «Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти бўйлаб саёҳат» номли тарғибот тадбирлари ўтказилди

18:10 04 Март 2025 Жамият
226 0

Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туризм салоҳиятини намоён этган тадбирлар Ўзбекистоннинг Покистон Ислом республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда шу йил Самарқандда бўлиб ўтиши режалаштирилган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан ташкил этилди.

Тадбирларда Лаҳор университети профессор-ўқитувчилари, Лаҳор шаҳрининг кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

«Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти бўйлаб саёҳат» номли тарғибот тадбирларида миллий ҳунармандчилик намуналари бўйича кўргазмалар ва тақдимотлар намойиш этилди. Кулолчилик, каштадўзлик, дурадгорлик каби ноёб ижод маҳсули ва қўл меҳнати намуналари барчани ҳайратга солди. Бу жараёнда покистонликлар Ўзбекистоннинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий мероси билан яқиндан танишдилар.

Маданий-маърифий тадбирда Наманган давлат университети делегацияси аъзолари миллий либосларда иштирок этди. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Айниқса, «Мустаҳзод» ва «Лазги» янграганида, покистонликлар ҳам завқланиб рақс тушдилар. Концерт дастури «Лаҳор телеканали» томонидан тасвирга олинди.

Гўзал қизларимиз Ўзбекистоннинг турли минтақаларига оид миллий либосларимиз кўргазмасини ҳам намойиш этдилар. Атлас, адрас, шойи ва ипак матолари, улардан тикилган, кашта билан безак берилган аёллар миллий либослари меҳмонларни ўзига мафтун қилди. Покистонлик дўстларимиз, бир сўз билан айтганда, ўзбек миллий урф-одатларимиз, қадимий анъана ва қадриятларимиз ҳақида гўзал ва бой тасаввурга эга бўлдилар.

— Наманган давлат университети делегациясининг Покистонга ташрифи бизни ниҳоятда мамнун этди. Ўзбекистоннинг бой маданияти бизни доимо ҳайратга солиб келган ва Наманган давлат университети талабалари томонидан намойиш этилган концерт дастури бу ҳайрат ва ҳаяжонимизни янада ошириб юборди, — дейди Лаҳор университети махсус лойиҳалар директори Абузар Ғаффорий. — Ўзбек халқининг санъатсевар, ижодкор эканига яна бир бор амин бўлдик, талабалар истеъдоди ҳавасимизни келтирди. Бунинг замирида жуда катта меҳнат ётибди. Наманганлик талабалар ва уларнинг устозлари фидокорлиги чин маънода таҳсинга лойиқ. Бадиий чиқишлар, куй-қўшиқлар, рақслар ўзбек санъати ва маданиятининг қудрати, сеҳри ва жозибадорлигини яққол кўрсатиб берилди. Бунинг учун Лаҳор университети жамоаси номидан раҳмат айтаман ҳамда шу йил Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО конференциясини юксак савияда ўтказилишига ишонаман.

Тадбир доирасида миллий таомимиз – ош дамланди. Унинг тайёрланиш жараёнини тадбир қатнашчилари катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб турдилар. Йиғилганлар унинг мазасини тотиб кўрдилар.

Наманган давлат университети жамоаси томонидан ўтказилган ушбу тақдимот тадбири иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдириш баробарида, Ўзбекистондек мафтункор, бой тарихга, миллий маданий меросга эга, қадриятлари гўзал давлатга саёҳат қилиш иштиёқини ҳам пайдо қилди.

Санжарбек Ҳамидов,

Наманган давлат университети «Пресс клуб» раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?