Мамлакат ҳаёти ва тақдирига дахлдор масала

16:12 06 Октябр 2021 Жамият
695 0

Фото: Ботир Мадиёров / Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Шукуржон Холматов айни мавзуда қуйидагиларни баён этди:

– Сайлов – бу шунчаки номзодлар ичидан биттасини танлаш ёки сайлов участкасига келиб, ўзи муносиб билган номзодга овоз бериб кетишдан иборат эмас. Агар таъбир жоиз бўлса, ушбу жараёнга бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз кафолати, эртанги кунимизни белгиловчи жиддий танлов сифатида қараш лозим.

Айтиш керакки, 2021 йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида амалиётга бир қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, барча қонун ва қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб, ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Энг асосийси, ҳамюртларимизнинг бу борадаги дунёқараши, муносабати ўзгарди.

Айни кунларда номзодларнинг ишончли вакиллари, партиялар фаоллари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида ҳам бу яққол намоён бўлмоқда. Шу маънода бугунги сайловчиларни ўтган даврдагилар билан солиштириб бўлмайди. Улар ўртасида ҳар бир дастур, илгари сурилаётган таклиф ёки ташаббуснинг нечоғли асосли эканлиги, амалга ошириш имкони бор-йўқлиги жиддий баҳс-мунозараларни келтириб чиқаряпти. Сайловчиларимизнинг қизиқиши маҳаллий доирадан чиқиб, мамлакат миқёсида кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Халқаро кузатувчилар қаторида маҳаллий сайловчиларимизнинг тийрак нигоҳи барчамизни янада масъулият билан билан ишлашга ундаяпти. Амалдаги қонунчилик меъёрига кўра, эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан (МФЙ) маҳаллий кузатувчи сифатида сайловда иштирок этиш мумкин. Аввал бундай имконият йўқ эди. Сайловда маҳаллий кузатувчиларнинг иштирок этиши очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари сайлов комиссияси аъзоларининг 50 фоиздан ортиғи битта ташкилот вакили бўлиши мумкинлиги борасидаги амалиётга барҳам берилди. Авваллари сайлов комиссияси аъзоларининг барчаси битта ташкилотдан бўлар эди. Табиийки, бундай шароитда адолат ва шаффофликни таъминлаш имкони бўлмаган.

Ишонамизки, нафақат шаклан, балки мазмун-моҳияти билан янгиланган бу йилги сайлов ҳамюртларимизнинг юксак фаоллигида ўтиб, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи янада ошишига замин яратади. Халқимиз сиёсий партиялардан кўрсатилган 5 нафар номзоднинг энг муносибини танлашига шубҳамиз йўқ.

Жумладан, мамлакатимизда энг кўп сайловчи овозига эга 11-Фарғона округ сайлов комиссияси томонидан ҳам мазкур жараёнга тайёргарлик ишлари амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ тарзда олиб бориляпти. Бош мақсадимиз битта – мамлакат ҳаёти ва тақдирига дахлдор ушбу масалада фақат ва фақат қонун устуворлигини таъминлашдир.

 

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?