Умрини ўтаб бўлган китоблар, Интернет, Wi-Fi ва бир дона “Уфқ” асари: мактаб кутубхоналари китоб муаммосига дуч келмоқда

21:41 30 Сентябр 2021 Жамият
2195 0

Фото: "Халқ сўзи"

Хизмат юзасидан таълим масканларига йўлим тушса, кирадиган илк жойим кутубхона бўлади. Одат экан, Ғузор туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига боргач, кутубхонасига бош суқдим. Кутубхоначи Мунаввар Норпўлатова очиқ чеҳра билан қарши олар экан, мени китоб жавонларида тартиб билан териб қўйилган асарларни кўришга таклиф этди. Мўъжазгина кутубхонада ўқувчиларнинг қадами узилмаётганини кўриб, дилим ёришди: ҳа, болаларимиз китобдан узоқлашиб кетмаган!

Фикримни уққандек Мунаввар опа менга “картатека”ларни кўришим мумкинлигини айтди. Мен устозлар “картатека”сини кўздан кечириб, фан ўқитувчилари мактаб кутубхонаси билан узвий алоқада эканига амин бўлдим. Мактабда китобхон ўқитувчи ва ўқувчилар сафи кенг экан. Масалан, 2150 нафар ўқувчининг 1727 нафари мунтазам китоб ўқийди, фаол китобхон. Аммо мактабда китобхон кўп бўлгани билан бадиий адабиётлар камлиги - муаммо! Оғриқли муаммо.

– Тўғри, бизда бадиий адабиётлар етишмайди,- дейди Мунаввар опа Норпўлатова. – Баъзи мактабларда бадиий китоб кўпу китобхон кам, бизда китобхон кўпу бадиий адабиётлар танқис. Бу йил ҳам янги бадиий адабиётлар келди, лекин жуда кам. Масалан, 1-4 синф ўқувчилари учун ўзбек халқ эртаклари, ёш китобхонларга мўлжалланган асарлар етишмайди. Чет эл адабиётидан янги таржималар, бугунги ўзбек адабиётининг дурдона асарлари бўлса қанийди, болаларимиз кўзига суртиб ўқирди.

Кутубхонада 6650 та бадиий асар бор экан. Бу асарларнинг ҳаммасини ўқувчилар ўқиб бўлган кўринади. Кутубхонада ўғил-қизларга замонавий ўзбек ва жаҳон адабиётини намуналарини таклиф этиш имконияти деярли йўқ.

– Мавжуд китобларимизнинг икки мингдан зиёди умрини ўтаб бўлган ва биз уларни “утилизация”га тайёрлаб қўйибмиз, - дея давом этади М. Норпўлатова. – Собиқ ўқувчилар томонидан кутубхонамизга 371 дона бадиий китоб совға қилинди. Бу яхши, аммо, яшириб нима қилдим, совға қилинган асарларнинг кўпи юпқагина, қўлма-қўл ўқишга ярамайди ва бугунги ўқувчилар эҳтиёжига мос эмас.

Кутубхонадаги яна бир долзарб муаммо шуки, зиё масканига компьютер ажратилмаган. Ҳозирда фойдаланиш учун русуми анчагина эски иккита компьютер бор. У ҳам мактаб директори томонидан синфхоналардан вақтинча олиб берилган. Ачинарлиси, Интернет йўқ. Мактаб туман марказида жойлашган бўлишига қарамай, бу масала эътибордан четда қолган. Айтмоқчи, Wi-Fi орқали симсиз уланиш учун имконият яратса бўлади, бир муддат шундай қилинган ҳам. Аммо бугунги кунда Wi-Fi ишламайди. Лимит тугаган.

Бу ҳақида мактаб директори Лола Усмонова фикрлари билан қизиқдим.

– Эътирозларингиз тўғри, мактаб кутубхонасидаги Wi-Fi ишламай турибди, - дейди у. – Маблағ илгари туман халқ таълими бўлимидан ажратиларди, ҳозир тўхтатилган. Ҳисоб рақамимизга ҳомийлар томонидан пул тушса, Wi-Fi ишлайди. Ҳозирча маблағ тушгани йўқ.

– Бу ҳолатда китобларнинг электрон вариантини яратиш нима бўлади? Билишимча, кутубхонада бор-йўғи 60 та китобнинг электрон варианти бор экан. Бугунги ахборот асрида бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? - деган саволимга мактаб директоридан жўяли жавоб ололмадим.

Кутубхоначи Мунаввар Норпўлатова ва унинг ёрдамчиси Санобар опанинг айтишича, кутубхонада Саид Аҳмаднинг “Уфқ” асарини сўровчилар жуда кўп экан. Аммо бу асардан бир дона бўлиб, у ҳам китобхонлар ўртасида талаш. Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китоби ўқилавериб титилиб кетган. Ваҳоланки, чиройли ва ялтироқ муқоваларда қайта нашр этилган худди шу асарлар китоб дўконларида кўзни қувнатиб турибди.

Кўпинча ёш авлодни Интернетга муккасидан кетганликда, китоб ўқимасликда айблаймиз. Гувоҳи бўляпмизки, бу айбловимиз кўп ҳам асосли эмас. Болаларимиз китоб ўқийди, фақат улар қўлига бадиий қиймати юксак, ёшига мос асарларни тутқаза олишимиз керак. Оилаларда китобхонликни кучайтириш – бу энди бошқа масала, бироқ мактабларимиз кутубхоналари янги-янги асарлар билан бойитиб борилса, нур устига нур бўлар эди. Шундай эмасми?!

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?