Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизлари хавфсизлиги таъминланди

05:52 03 Апрель 2023 Жамият
1226 0

Фото: Архив сурат

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларининг хавфсизлиги таъминлангани айтилди. Бу ҳақда Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева хабар берди.

«Бугун биз Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришдик.

Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала. Шу билан бир вақтда бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда.

Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқеалардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик.

Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди.

Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлсада, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда.

Бефарқ бўлмай, бу кейс юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдираман. Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!», — деб ёзган Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бўлими бошлиғи ҳамда Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келгани, уларга нисбатан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?