«Камбағалликни пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмайди»
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугун юртимизда камбағалликни қисқартириш бўйича «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури бўйича янги ҳаракатлар бошланди. Ҳар бир маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улардаги «камбағал оилалар портрети» ишлаб чиқилмоқда. Албатта, камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Ҳозирда Самарқанд вилоятида камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада оилалар камбағалликдан чиқиш билан бирга, ҳаётга қарашлари ҳам ўзгармоқда.
Шундай бўлсада, аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқалардан фойдаланиб қўшимча даромадга эга бўлиши учун ҳар бир оила билан алоҳида ишланмоқда. Жорий йилда Самарқанддаги 324 минг нафар аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 7,7 фоизни ташкил этаётгани ҳам бу борадаги ишлар кўламини янада жадаллаштиришни талаб қилади. Агар таққосласак, ўтган йилида 98 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, комплекс чора-тадбирлар натижасида 23 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқаришга эришилди. Бунда 18 мингдан кўпроқ аҳоли тадбиркорликка жалб этиш орқали банд қилинди.
Қўшработ тумани Юқори Жўш маҳалласида 30 та оилага «Навобод наслли парранда» масъулияти чекланган жамияти томонидан уч томонлама шартнома асосида гўшт йўналишида 10 мингдан зиёд бройлер жўжа тарқатилди. Бу билан мазкур оилаларда кунига ўртача 100-120 минг сўмдан даромад олиш имконияти яратилди.
— Ҳозирда 500 та жўжа боқяпмиз, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Ғиёс Ибодуллаев. — Жўжа ҳар 40-45 кунда гўштга топшириш учун тайёр бўлади. Етилган парранданинг тирик вазндаги бир килосининг нархи 18 минг сўмдан «Навобод наслли парранда» МЧЖ томонидан сотиб олинмоқда. Натижада ҳар 40-45 кунда 10-12 миллион сўм даромад оляпмиз.
Камбағалликни қисқартириш борасидаги иккинчи муҳим йўналиш таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш ҳисобланади. Ўтган йили бу йўналишда 21 минг 653 киши қамраб олинди. Бунда 817 киши ИТ курсларида ўқитилган бўлса, 6 минг 783 кишига касб ўргатилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
— Ижтимоий реестрда тураман, — дейди Каттақўрғон тумани Қирғиз маҳалласида яшовчи Санобар Собирова. — Каттақўрғон шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказида тикувчилик йўналишида ўқидим. Шундан сўнг менга субсидия асосида 1 дона тикув машинкаси олиб берилди. Ҳозирда икки кишини шогирдликка олиб, иш бошлаганмиз.
Ушбу йўналишда Қўшработда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тумандаги Булоқ маҳалласида «Sam Antep Gilam» масъулияти чекланган жамияти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига чет тилларини ўргатиш мақсадида маҳалладаги 71-мактабда қўшимча дарс машғулотлари, 60 ўринли болалар боғчаси ташкил қилинди. Шу билан бирга, 20 та иш ўрни яратган мебель цехи ишга туширилди. Бу ерда ишчиларга ҳар ойда 6,5-7 миллион сўмдан иш ҳақи тўланмоқда.
— Ўтган йилда 8 мингдан кўпроқ фуқарога хорижий тил ўргатилиб, меҳнат миграциясига юборилди, — дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов. — 11 минг фуқарога ижтимоий хизмат кўрсатилди. 3 минг 310 нафар фуқаронинг яшаш шароити яхшиланди. Туманларни ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашиш орқали иқтисодий комплекс ташкилотлари бошини бириктириб, ишсизлар, камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўрмоқдамиз.
Ўрганишлар давомида Каттақўрғонда барқарор даромадга эга бўлмаган ва камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган 2 миллион сўмгача даромад оладиган 8,6 минг нафар аҳоли қатлами борлиги, улардан 2,5 минг нафари камбағалликка тушиш хавфи юқори эканлиги аниқланди. Ушбу оилалар билан индивидуал ишлаш орқали улар учун қўшимча даромад манбаи яратиш чоралари кўрилмоқда.
— 4 нафар фарзандим бор. Ўртача ойлигим 2 миллион сўм, — дейди «Чўянчи» маҳалласида яшовчи Йўлдош Темиров. — Расмий ойлик иш ҳақидан ташқари 6 сотих томорқада деҳқончилик қилиб, 4 бош қорамол ва 35 та товуқ боқиш орқали ҳар ойда қўшимча 1,6 — 1,8 миллион сўм даромад қиламиз. Бизга 2 сотихлик иссиқхона ва пайвандлаш устахонаси қуриш учун молиявий кўмак берилди.
Жорий йил мазкур туманда ажратилаётган 62,3 миллиард сўм маблағ ҳам биринчи навбатда 2,5 минг эҳтиёжманд аҳолига йўналтирилади. Бошқа туманларда ҳам камбағалликка тушиш хавфи мавжуд оилаларни эрта аниқлаб, уларга тезкор амалий ёрдам кўрсатиш бўйича барча имкониятлар ишга солинмоқда.
— Бизга банк томонидан «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури» доирасида 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, — дейди Самарқанд шаҳри Жўйи чуқур маҳалласида яшовчи Шерзод Расулов. — Ширинлик ишлаб чиқариш учун ускуна сотиб олдик. Кичик цехда 4 кишининг бандлиги таъминланиб, йилига 60-70 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўляпмиз.
«Уйчи тажрибаси» асосида банклар 9,3 мингта мижози билан учрашув ўтказиб, уларнинг масалаларини ҳал этиш орқали 9,2 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириши кутилмоқда. Мазкур тажриба асосида йил давомида 500 дан зиёд учрашувларда 3 мингдан кўпроқ мурожаат рўйхатга олинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 11 мингдан кўпроқ иш ўрни яратилди.
Нарпай туманида ўтказилган учрашувда «Samarqand Silk AO» масъулияти чекланган жамияти раҳбари 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича мурожаат қилди. Мурожаат «Микрокредитбанк» томонидан ижобий ҳал қилиб берилди. Қўшимча 212 та янги иш ўрни яратилди. Пастдарғом туманида «Қалмоқсой» масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 1,5 миллиард сўмлик умумий овқатланиш маскани ташкил қилиниб, 20 киши доимий иш билан таъминланди. Кўп жойларда субсидия асосида тикув машинаси, пишириқ пишириш печи, мотокултиватор ва яна шу каби ишлатиб даромад топиш мумкин бўлган воситалар берилмоқда. Тўғри, бу воситалардан самарали фойдаланганлар турмуши бироз бўлсада ўзгаряпти, даромад топяпти. Аҳолига ер берилиши, субсидиялар ажратилиши, касбга ўқитилиши, замонавий инновацион ускуналар билан таъминланиши, шунингдек, уларга ёндош инфратузилмалар яратилиши каби халқчил ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиш ўз самарасини беришига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг