Ихчам тўйлар анъанага айланиши керак
Маҳмудхўжа Беҳбудий тўйларга нисбатан шундай таъриф берган эди: “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман“.
Маърифатпарваримиз айтган бу сўзлар юз йил ўтиб ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Бугун ҳам тўй масаласи трендда. Минглаб юртдошларимиз кети кўринмайдиган орзулар билан тўй қилмоқда. Тўйни “Мен сендан камми” деб “пойга”га айлантираётганлар икки ёшнинг бошини қовуштириш баҳона атрофдагиларга ўзининг молу давлатини кўз-кўз қилмоқчи бўлаётгандек. Катта тўйнинг харажати ҳам катта бўлади. Тўй эгаси бир кунлик ҳашамат учун бутун умр ишлаши керак. Энди тўй ўтказишгача бўлган маросимлардаги харажатларни бир ҳисоб-китоб қилиб кўринг! Тўйга қадар “совға бериш”, “оқ ўрар”, “фотиҳа”, “тўй юборар” маросимлари ўтказиш “анъана”га айланган бўлса, тўйдан кейин “келин салом”, “қовурдоқ”, “чаллари”, “ҳафталик”, “чорлов” билан давом этади. Водийда ҳам “келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” каби удумлар ўтказилади. Бундан ташқари, Фарғона водийсида тўйдан сўнг қиз узатган хонадон куёв томонга 40 кун турли егуликлар юборади. Андижонда буни “мазар” дейишади. Хоразмда “қиз йиғин”, “хина ёқар” деган кераксиз маросимлар бор. Бу урф-одат деб аталаётган бидъатлар оқибатида қанча оилалар бузилаяпти, камбағаллик домига тушиб қоляпти. Бутун умр йиққанини бир кунлик тўйга совуриб, қарз-қавола билан яшаётганлар қанча! Нега одамлар ўзлари ўйлаб топган сохта дабдабага бунча тобе?
Аслида “Тўй” атамаси туркий сўздан олинган бўлиб, “той”, “қурултой” маъносини англатади. Кейинги пайтда бу сўз “сен еб тўй”дек қулоққа эшитилади. Тўйдан муроди азим, неча хил таомлар билан мақтаниш, дастурхонга ҳамма нарса қўйиб, меҳмонларнинг оғзини ланг очишдан иборат бўлиб қолмоқда. Бунга тўй эгалари пинагини ҳам бузмайди. Худди бундай сарфлар унга чўт эмасдек. Ҳеч бири қарздор бўлмаган, асаббузарлик рўй бермаган, худди пули-ю даромадининг охири йўқдек. Аммо соппа-соғ айрим одамлар 50га кирмасдан тўсатдан инфаркт бўляпти. Сабаби катта тўй қиламан, деб қарзга ботган.
Ақлу закоси бут, дунёқараши кенг одамлар наҳотки ҳаётдан мақсад, орзу-ҳавасни шундай сохта тушунчалар устига қуради? Бугун “анъана” деган юксак мақом бериб қўйилган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, аза маросими тадбирлари бутун бошли инсон ҳаётининг энг улкан мақсадига айлангани ачинарли. Ўтмишда аждодларимиз бу маросимга бефарқ бўлмаган. Бухоро амирлиги дабдабали тўй ва маросимларни тугатишга уринган. Ўша даврда ҳам тўйлар ғоятда ҳашамдор бўлиб, одатда 7-8 кун давом этган. Ҳар куни 6-7 хил овқат пиширилиб, таклиф қилинган меҳмонларга кетиш вақтида ҳозирги ҳисоб билан 800 граммдан 16 килограммгача қанд бериш одат тусига кирган. Шундан сўнг 1911 йилда амир Саид Олимхон “Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида” фармон чиқарган. Буни бугунги кун билан таққослайдиган бўлсак, юртимизда бир йилда ўртача 300 минг атрофида тўй маросимлари ўтказилар экан. Уларнинг умумий сарф-харажати қарийб 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу қайсидир давлатнинг бюджети дегани. Агар оддий пропорция билан ажримлар сони кўриб чиқилса, тўй харажатлари жуда катта фоизи ҳавога учаётганига гувоҳ бўлиш ва ихтиёрсиз йиғлаб юбориш мумкин.
Карантин давридаги тўйларни эсланг. 30 кишилик тўй шу даражада яхши ўтдики, бор-йўғи 2 миллион сўм сарфлаб элга дастурхон ёзганлар бўлди. Бундан на биров хафа бўлди, на биров “тўйим оддий ўтди” деб нолиди. Қани энди ўша тартибда давом этганимизда, ҳашамдор тўйлар сони қисқарарди. Тўй — миллий урф-одатимиз. Уни қандай ўтказиш борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас. Аммо тўйларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказиш ўзига ва оиласига осойишталик олиб келишини ҳар бир инсон онгли равишда тушуниб етиши лозим.
Гулнора Шерматова
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг