Ибрат ва ифтихор тимсоллари

08:06 16 Февраль 2025 Жамият
692 0

Февраль қишдан баҳорга ўтиш ойи сифатида барчамизга қадрли. Ерларга ишлов берамиз, ниҳол экиш, мавжуд боғларни парваришлаш жараёни кечади. Бу яшаш тарзимиз билан боғлиқ фаолият. Аммо элимизнинг маънавий-маърифий дунёси учун бебаҳо ойда ўзбек адабий тилининг асосчиси ҳазрат Алишер Навоий ҳамда улуғ шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган. Бу ой элимиз тарихи зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйишга лойиқ.

Агар Алишер Навоийнинг улуғ мероси дунё тилларига мукаммал таржима қилинганда, бунинг иложи бўлганда, унинг дунёнинг энг буюк шоирларидан бири эканини бутун башарият англарди. Ижодий меросининг ҳажми ҳам, маънавий-маърифий жиҳатдан юксаклиги ҳам шу қадар беқиёс! Ҳазрат учун одам кўнгли ҳамма яратиқлардан улуғи, Ватан каби муқаддасдир. “Ҳайрат ул-аброр”да шоир Каъбани таъриф қилар экан, инсон кўнглини Аллоҳнинг уйи деб ҳисоблайди. Бунинг учун кўнгил пок ва Қуборсиз бўлиши лозимлигини таъкидлайди:

Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

Қадри йўқ андоқки кўнгул каъбаси.

Фахрки, Бухорои шарифимиз Алишер Навоий учун ҳам муқаддас тупроқ ҳисобланган. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида ёзар экан, нақшбандийлик тариқатини алоҳида эъзозлагани намоён бўлади. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратига шоҳлар келиб, қуллуқ қилганини ифодалайди:

Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар,

Базмида бехуд ўлуб огоҳлар.

Алишер Навоий кўплаб тариқатларни ўргангани ҳолда нақшбандийлик тариқатига амал қилишни маъқул билган. Бу тариқат инсонпарварлиги, комилликни тарғиб этиши билан бетакрор. Зотан, Алишер Навоийнинг Фарҳод образи барчамиз учун комиллик тимсолидир.

Улуғ шоиримиз геометрия, математика каби илмлардан, тирандозлик, камонбозлик, ҳарбийликдан хабардорлиги ёрдамида Фарҳоднинг тилсимларни ечганини тасвирлайди. Фарҳод қайта-қайта хазина топади, аммо бойликка асир бўлмайди. Уч ҳунарда моҳир Фарҳод “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққами кеткумдир охир”, дейди ва “Наҳрулҳаёт” ариғини қазиб, “Баҳруннажот” ҳовузига сув келтиради. Устози Монийдан ўрганган наққошлигини ҳам, Бонийдан ўрганган меъморлигини, яъни архитекторлигини ҳам, Қорандан ўрганган тош йўниш илмини ҳам ишга солади. Инсонпарварлик ғоясини қаранг: отаси Хитой тахтини берса, рад этиб, ўзга халқ учун сув келтиради.

Ҳазрат Навоий фарзандга ҳам илм, ҳам ҳунар ўргатиш лозимлигини уқтирган. Президентимиз айнан шу фикрни давлат сиёсати даражасига кўтаргани саодатимиз. Чунки инсон илми билан ҳунарини ривожлантириши, ҳунари кўмагида илм олиш учун имкониятлар очиши мумкин. Ўзбекистон ёшлари ҳам ҳунарли, ҳам илмли бўлса, нафақат Ватанимизни, балки дунёни обод айлайди. Аслида ҳам шундай. Боболаримиз ҳунар ва илмни бирдай ўрганиб, керак бўлса, авлиё мақомига етганлар. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг ҳаёт йўллари бунга мисол.

Ҳар бир асарида инсонпарварликни, ватанпарварликни, эркни куйлаган, Ер юзини бир яхлит Ватан деб билган, умр бўйи тинчлик учун жонини тиккан, инсониятга улуғ асарларини мерос қолдирган Алишер Навоий нафақат ўзбекнинг, инсониятнинг фахридир. Унинг асарларини ўрганмай туриб, чин ўзбек ҳам, комил инсон ҳам бўлолмаймиз! Ўзбек номи дунё тамаддунида Алишер Навоий номи билан биргаликда айтилади, буни унутишга ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз.

Мирзо Бобур шахси ҳам ғуруримиз, шижоатимиз, шонимизни таъминлаб, жаҳон тарихининг ёрқин саҳифаларида зикр этилганича яшайверади. Чунки дунё уни нафақат машҳур саркарда, балки одил подшоҳ сифатида улуғ бобурийлар сулоласининг асосчиси деб эъзозлаб келиши ҳеч кимга сир эмас. Асрлардирки, буюк аждодимиз ижодини, фаолиятини ўрганади, ижодини севиб мутолаа қилади.

Ахир ўзбек мумтоз насрининг нодир намунаси саналувчи “Бобурнома” Ватанимиз тарихидан таълим ва сабоқ бериб келади. Қомусий асар сифатида тарихчи, адабиётшунос, фольклоршунос, этнограф, географ, тилшуносга муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Асарни ўқиган китобхон Мирзо Бобур оёғи етган ҳар бир ҳудуднинг табиатини, иқлимини, наботот оламини назардан ўтказади. Қатор тарихий шахсларнинг фаолиятидан, феъл-атворидан хабардор бўлади. “Бобурнома” — ҳар бир соҳа олими ўқиб чиқиши шарт бўлган китоб.

Бобур Мирзо шеърияти — нафислиги, мавзу ва ғоясига кўра халқчиллиги билан ҳар биримизга сабоқ, руҳиятимиз тарбиятида муҳим манба. У қолдирган яна бир ўгит шуки, Ватан ҳажри ҳамма қийинчиликлардан қийинидир. Улуғ шоир, улкан олим, машҳур саркарда қисмати Ватан ҳамма нарсадан зарури эканини ёшларга англатишимиз учун доимо кўмакка келади.

Бу фикрларни ёш авлодга англатиш учун китобхонлик ва яна китобхонлик зарур. Навоийхонлик, бобурхонлик китобхонликнинг гўзал ва муҳим йўналиши экан, биз бу жараённи йил бўйи давом эттирамиз.

Бухоро давлат педагогика институтининг тиллар факультети бошлаб берган маънавий-маърифий тадбирлар факультетлар бўйлаб давом этмоқда.

Яқинда шеърхонликлар, иншолар, аудиороликлар, видеороликлар танловларининг қизғин руҳига ҳамоҳанг институтнинг фаоллар залида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Алишер Навоий, Мирзо Бобур ғазаллари, рубоийлари профессор-ўқитувчилар, магистрлар, талабалар ижросида жаранглади. Ёшлар буюк аждодларимиз ва уларнинг асарлари қаҳрамонлари сиймоси акс этган саҳна асарларини намойиш қилди. Улуғ шоирлар ғазаллари асосида қўшиқлар куйланди.

Гўзал таассуротлар берган, хотиримизда муҳрланган навоийхонлик, бобурхонлик тадбирлари ой давомида ўтказилади.

Баҳодир МАЪМУРОВ,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер