Шавкат Мирзиёев барқарор ривожланишни таъминлаш учун тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Туркманистонни доимий бетарафликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этишини қайд этди.
– Туркман халқининг замонавий ўзига хослигининг ажралмас қисмига айланган Туркманистоннинг бетарафлиги унинг чуқур тарихий анъаналари, маданий ва маънавий қадриятларига, олижаноблик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби эзгу фазилатларига таянади, – деди Президентимиз.
Шу боис, Туркманистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятлар эканлигини таъкидлади. Бунинг тасдиғи сифатида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббуси илгари сурилганини келтириш мумкин. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида Ўзбекистон тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилашни мақсад қилган.
Раислик давомида, шунингдек, келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади.
Президентимиз глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлади. Айнан шу сабабли ҳам Ўзбекистон Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлди.
Ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатнинг ҳам асоси эканлиги қайд этилди.
– Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу нуқтаи назардан, Туркманистоннинг конструктив ва тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланишига алоҳида урғу берилди.
Давлатимиз раҳбари Туркманистоннинг замирида тинчлик ва ишонч каби эзгу ғоялар мужассам бўлган бу таклифлари Ашхободнинг минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари форматида раислиги давомида кун тартибидан муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирди.
Мамлакатимиз етакчиси ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган гуманитар ҳамкорликни илгари суриш муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йили Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг