Ўзбекистон Президенти Тинчлик ва ишонч халқаро форумида нутқ сўзлади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, қадрли биродарим, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовга самимий қабул ва бугунги форумни юксак даражада ташкил этгани учун чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Туркманистон раҳбариятини ва бутун қардош туркман халқини миллий байрам – Доимий бетарафлик эълон қилинганининг 30 йиллиги билан табриклайман.
Ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этади.
Биз мазкур форумни тинчликсеварлик ва тинчликпарварлик ғояларини илгари суриш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш, шунингдек, долзарб халқаро масалаларни мулоқот ҳамда музокаралар воситасида ҳал қилиш йўлларини излаш учун муҳим сиёсий платформа деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли иштирокчилар!
Туркман халқининг замонавий ўзига хослигининг ажралмас қисмига айланган Туркманистоннинг бетарафлиги унинг чуқур тарихий анъаналари, маданий ва маънавий қадриятларига, олижаноблик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби эзгу фазилатларига таянади.
Бу феномен туркман халқининг бугунги босқичдаги ижобий бетарафлик фалсафасининг меъмори – Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовнинг ҳал қилувчи роли туфайли бутун дунёда кенг эътирофга сазовор бўлди.
Танланган стратегик йўналиш Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич томонидан янгича жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Туркманистоннинг доимий бетарафлик модели суверенитетни ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари фаол тинчликпарварлик ҳамда дипломатик фаолият билан қандай уйғунлашиши мумкин эканини ёрқин намойиш этмоқда. Ашхободда БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия минтақавий маркази муваффақиятли фаолият юритаётгани бунинг яққол далилидир.
Биз Ўзбекистонда туркманистонлик қардошларимизнинг стратегик қарашлари ва ташқи сиёсий ёндашувларига кўп жиҳатдан қўшиламиз.
Шу боис, биродар Туркманистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш – фундаментал қадриятлардир. Айнан шу сабабли биз умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббусини илгари сурдик. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган.
Ишончимиз комилки, фақат ўзаро ҳурмат ва тушунишга таянган гуманистик ҳамда инклюзив ёндашувларгина замонавий халқаро ҳамкорлик конструкциясини мустаҳкамлашга қодир.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида биз тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилаш ниятидамиз.
Биз раислигимиз давомида келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилишни режалаштирмоқдамиз. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастурини қабул қиламиз. Унинг амалга оширилишида БМТнинг ихтисослашган институтлари, жумладан, Ашхободдаги Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаол иштирок этишига умид қиламиз.
Ҳурматли дўстлар!
Глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Айнан шу сабабли ҳам Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи жаҳон ҳамжамиятининг энг муҳим талабларига жавоб беради.
Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади ва БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлди.
Ушбу глобал ғоя қарама-қаршиликларни рад этадиган, можароларни музокаралар столи атрофида ҳал қилишга содиқ ва тинчлик ўрнатиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш тарафдори бўлган мамлакатларнинг бирлашишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.
Шуни таъкидлашни истардимки, ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари бизнинг Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатимизнинг ҳам асосидир.
Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Туркманистоннинг конструктив ҳамда тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Расмий Ашхобод 2018 йилда – кўп йиллардан буён биринчи марта Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи саммитини ташкил этган ҳолда, Жамғарма доирасида олий даражадаги мулоқотларни қайта тиклашда катта роль ўйнади.
Шу йилнинг август ойида Авазада БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясининг ўтказилиши минтақада ягона транспорт-логистика маконини шакллантиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш ва инфратузилмавий боғлиқликни кучайтириш орқали тинч йўл билан ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари бўйича бизнинг ва Туркманистоннинг ёндашувлари тўлиқ мос келади.
Ашхободнинг энергетика ва сув хавфсизлиги, барқарор транспорт боғлиқлигини таъминлаш, шунингдек, минтақада экотизимни ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслари бизнинг Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларимизни табиий равишда тўлдирмоқда.
Туркманистоннинг замирида тинчлик ва ишонч каби эзгу ғоялар мужассам бўлган бу таклифлари унинг минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари форматида раислиги давомида кун тартибидан муносиб ўрин эгаллашига аминман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳамкорлик энг улуғвор режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Шунинг учун ушбу режаларни гуманитар ҳамкорлик орқали илгари суриш муҳим.
Шу муносабат билан келгуси йили Тошкентда ижодий жамоалар, олимлар ва адиблар иштирокида “Маданиятлар мулоқоти” деб номланган қўшма халқаро гуманитар форумни ташкил этиш, шунингдек, таълим, маданият ва волонтёрлик ҳаракати соҳаларидаги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш орқали ёшларни тинчлик ва ишонч жараёнини мустаҳкамлашга жалб этишга йўналтирилган “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қиламиз.
Қадрли дўстлар!
Тинчлик ва ишонч – умумий фаровонлик асосидир. Бу қадриятларни мустаҳкамлаш бутун халқаро ҳамжамият учун ҳал қилувчи устувор йўналиш бўлиб қолиши зарур.
Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёр.
Форум иштирокчиларига сермаҳсул фаолият, қардош Туркманистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва янада равнақ топишни тилайман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг