Энг олис сайлов участкаси – 510 км узоқликда, энг кам сайловчи – 39 нафар

11:11 24 Октябр 2021 Жамият
609 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси ҳудудидаги 411 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари қизғин паллага кирди. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, вилоятда энг олис сайлов участкаси марказдан 510 километр узоқликда жойлашган бўлиб, ушбу овулда 57 нафар сайловчи истиқомат қилади. Энг кам – 39 нафар сайловчи рўйхатга олинган сайлов участкаси эса 218 рақами билан Томди тумани Оқтақир овулида ташкил этилган.

Округ сайлов комиссияси томонидан сайловга тайёргарлик жараёнларида жами 622 минг 413 нафар сайловчи рўйхатга олинди. Уларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун барча шароит яратилиб, айниқса, ногиронлиги бор 6 минг 203 нафар сайловчи, жумладан, 2 минг 62 нафар кўзи ожиз, 662 нафар эшитишда муаммоси бор сайловчиларга брайл трафаретлари ва сурдо таржимадаги тарғибот воситалари тақдим этилди.

-Мен номзодларнинг дастури ва биографияси билан сурдо таржима ёрдамида танишган эдим, - дейди Навоий шаҳридаги 41- сайлов участкасида овоз берган Қосимжон Солиев. – Ҳар бир номзод дастурларини ўрганиб, бугун ўзим танлаган муносиб номзодга овоз бердим.

Вилоятда сайлов жараёнларини 22 нафар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари кузатмоқда. Улар сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнларидаги қулайликлар билан танишишди.

- Сайловга тайёргарлик жараёнларида кенг кўламдаги тадбирлар амалга оширилгани электоратнинг кайфияти ва фаоллигида ҳам кўзга ташланиб турибди, - дейди МДҲ миссияси доирасида вилоятга ташриф буюрган Евгений Суворов. - Энг муҳими, сайлов очиқ ва шаффоф, демократиянинг барча тамойилларига, шунингдек, пандемия тақозо этган талабларга қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.

Вилоятда сайловчиларнинг овоз беришлари давом этмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?