Бухоронинг франциялик бувижониси

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бундан 19 йил муқаддам Франциядан Бухорога сайёҳ сифатида келган Элен Пелос хоним тор кўчалари одамлар билан гавжум, эртаю кеч ҳаёт нафаси уфуриб турадиган, қадимий обидалар оғушидаги кўҳна шаҳарни томоша қилдию унга ипсиз боғланиб қолди. Машҳур адиб Виктор Гюго таваллуд топган Безансон шаҳрида ўсиб-улғайган аёл Бухорода меҳмонхона очишга қарор қилди. Шахсий жамғармасининг салмоқли қисмини шу ердан уй сотиб олишга сарфлади. Тураржойни обдан таъмирлаб, 40 ўринли меҳмонхона очди.
Шу тариқа у «Helene Oasis» масъулияти чекланган жамияти таъсисчисига айланди. Бизнес лойиҳага 500 минг евродан зиёд сармоя харж қилди. Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш мумкинки, сайёҳлик мавсуми бошланадиган шу кунларда меҳмонхонада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Бу юмушга жалб этилган таъмирловчи усталар ҳам хурсанд. Чунки ҳалол меҳнат ортидан улар тузуккина даромад топмоқда.
Тўғри, оз эмас, кўп эмас 75 ёшни қоралаб қўйган Элен хоним бу ерда муқим яшамайди. Лекин ҳар йили ҳаётининг уч-тўрт ойини Бухорода ўтказишни канда қилмайди.
— Мен Элен хонимнинг фаолияти мисолида икки халқ ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётганини кўраман, — дейди Жалол Икромий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Султонова. — Қолаверса, «Helene Oasis» жойлашган Арабон кўчасидаги қўни-қўшнилар учун ҳам у аллақачон қадрдон инсонга айланган. Улар билан тил топишиб кетган Элен хоним маърака-мавридларда қатнашади. Турли байрамлар муносабати билан эҳтиёжмандларга хайру саховат қилади. Қолаверса, унинг меҳмонхонасида ишлаётганлар ҳам кам бўлишгани йўқ. Уларнинг бири яқинда уй-жойли бўлди.
Францияни Ўзбекистондан минглаб чақирим масофа ажратиб турибди. Лекин Элен хонимнинг фаолияти кўрсатмоқдаки, дўстлик ришталарини боғлаш учун бу муаммо туғдирмайди. Айни пайтда Президентимизнинг Францияда бўлиб, шу давлат расмийлари билан мулоқотлар ўтказаётгани ҳам ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Узоқ йиллар Франциядаги консерваторияда ёшларга сабоқ берган Элен хонимнинг миллий мусиқамизга ихлоси баланд. Қадимий дарвоза остонасидан ўтган меҳмонни албатта, ўзбек тилида «Ассалому алайкум» дея қарши олади. Қўни-қўшниларнинг болалари унга бухороча қилиб «Бибижон» дея мурожаат қилишганини айтмайсизми? Айтмоқчи, Элен хоним Бухорони соғинган. Баҳор сепини ёядиган апрелда у ўзи учун иккинчи ватан бўлиб қолган Ўзбекистонга, қадрдон маҳалласига келади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг