Бухорода анъанавий қовун сайли бошланди

Фото: “Халқ сўзи”
Бухорода айни полиз маҳсулотлари ғарқ пишган пайтда қовун сайлини ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, бу тадбир 1996 йилдан буён ташкил этиб келинмоқда. Бу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад воҳанинг неча минг йиллик тарихга эга қовунчилик анъанасини янги босқичга олиб чиқиш, бу полиз экинининг унутилиб бораётган навларини тиклаш, янгиларини яратиш, қолаверса, сайёҳларга қадимий кентнинг гастрономик имкониятларини кўрсатишга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий маркази ҳудудида ташкил этилган тадбирда ҳар бир туман ўз павильони билан иштирок қилмоқда. Сайлда серқуёш заминимизда етиштирилган минг тоннадан зиёд қовун ва тарвуз, мева-сабзавот, шунингдек, асаларичилик маҳсулотлари савдога қўйилган. Маҳсулотлар нисбатан арзонлиги билан харидорларга маъқул тушяпти. Эл дастурхонига шундай сархил ноз-неъматларни тортиқ қилиб, ўз меҳнати маҳсулини кўраётган деҳқонлар ҳам жуда мамнун.
— Бухоро туманидаги Ҳасанато қишлоғиданмиз,— дейди ўзини Барно Гадоев дея таништирган фермер.— Сайлга қовуннинг обиноввот, “чемпион” навлари ҳосилидан олиб келдик. Хўжалигимиз пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Шундай бўлсада, қовунчилик соҳасида ҳам тажрибамизни синаб кўряпмиз. Биляпмизки, иқлим ўзгариши полиз маҳсулотлари етиштиришда мураккабликларни келтириб чиқаряпти. Экинга зарарли ҳашаротлар зиён етказмоқда. Бу полиз маҳсулотлари етиштиришга пухта илмий ёндашувлар тақозо этиляпти.
Фермернинг айтганича бор. Бухорода кейинги йилларда очиқ далада полиз, шунингдек, помидор ва бодринг етиштириш қийинлашиб бормоқда. Зарарли ҳашаротлар ҳосилдорликка путур етказяпти. Бугун Бухоро бозорлари пештахталари Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ва ҳатто Қорақалпоғистон Республикасидан келтирилаётган қовун-тарвузлар ҳисобига тўкин эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Бинобарин, экинларнинг ташқи таъсирларга чидамли навларини яратиш, уларни зараркунандалардан ишончли ҳимоялаш долзарб масалага айланяпти. Селекционерлар, олимлар, соҳа мутахассислари эътиборини шулар ечимига қаратиш фойдадан холи эмас. Ана шундагина қовун сайлидан кўзланган асосий мақсадга етиш мумкин.
Тадбирга тўхталадиган бўлсак, у уч кун давом этади. Сайл якунида қовунчиликни ривожлантиришда куч-ғайрати, билимини аямаётган уста деҳқонларнинг вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланиши кутилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг