Бугун Москва шаҳрида “Ўзбeкистон — Россия" таълим форуми очилади

11:11 16 Ноябрь 2021 Жамият
1002 0

Жорий йилнинг 16 — 17 ноябрь кунлари Москва шаҳрида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети биносида «Ўзбекистон — Россия таълим форуми» бўлиб ўтади.

Айтиш керакки, Ўзбекистон — Россия таълим форуми икки мамлакат ўртасида таълимнинг барча босқичларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокамаси учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди. Бу йилги иккинчи Форум кун тартибига илмий соҳада ҳам ҳамкорлик масалалари киритилган.

Тадбирда икки томондан олий таълим, умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим, илм-фан соҳалари учун масъул вазирликлар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этадилар. Россия томонидан тадбирнинг асосий ташкилотчилари — Илм-фан ва олий таълим вазирлиги, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МДУ). Ўзбекистон томонидан эса форумга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошчилик қилмоқда. 

Форумда иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси таркиби мамлакатдаги давлат олий таълим муассасалари ва филиаллар ректорларидан иборат.

Улар таркибида Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодир Шермуҳаммадов ҳам бор. Бу эса мазкур университет жамоаси учун ҳам манфаатли бўлмоқда. Чунки олий таълим тизимида амалга ошириладиган ҳамкорлик келишувларида Россиянинг энг нуфузли университетлари билан Фарғона давлат университети ўртасида меморандумлар тузиш, қўшма факультетлар жорий этиш, академик алмашинувларга эришиш мақсадлари белгиланган.

Тадбирнинг биринчи куни ялпи мажлис ўтказилиб, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, шубалардаги чиқишлар ва таълим, илм-фан, кадрлар тайёрлаш ва рус тилини ўқитиш масалалари бўйича муҳокамалар жараёни амалга оширилади. 

Форумнинг иккинчи кунида эса Ўзбекистон ОТМлари ректорлари учун интерактив семинар ташкиллаштирилиб, улар Москвадаги ОТМларга ташриф буюрадилар.

Айни дақиқаларда Москва давлат университетида форумнинг очилиш маросимига тайёргарлик ишлари кетмоқда. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?