Бир қишлоқдан 230 киши нега пойтахтда мусофирчиликни танлади?

11:17 12 Октябр 2021 Жамият
526 0

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Карол Бухоровнинг айтишича, шу кунларда қишлоқдан 230 нафар киши тирикчилигини Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ ва Янгиобод бозорларида ўтказмоқда. Бу фуқаролар МФЙда ишсизлар рўйхатида турибди. Тўғри, улар даромад топяпти, рўзғорини боқяпти, аммо расман ишга қабул қилинмаган, иш стажи қайд этилмаяпти.

– Ҳудудимизда деҳқончилик қилиш учун оқар сув йўқ,- дейди К. Бухоров. – Аҳоли томорқаларига ер остидан насос орқали сув тортиб, экин экади. Табиийки, ер ости суви фойдаланишга яроқсиз, шўрланишга сабаб бўлаётир. Яхшиямки, қишлоғимизда тадбиркор Баҳром Норқобилов “Полимерпластинвест” МЧЖ очиб, ванна ишлаб чиқарадиган корхонани ишга туширди. Бу ерда 50 нафар фуқаро иш билан банд. Қўшни “Совсонтепа” МФЙ Ногоҳон қишлоғида қурилган иссиқхонага 43 нафар хотин-қизларимиз ишга жалб этилган. Бўлмаса, янада кўплаб фуқароларимиз бошқа ҳудудларга иш излаб кетарди.

МФЙ раисининг қўшимча қилишича, ҳудуддаги ишга лаёқатли аҳолининг 250 нафари Россия Федерациясида ишламоқда. 150 нафар киши эса “Дамас” ёки бошқа енгил автомашинасида кира қилади. Қамаши туманидаги “Пионерка” бозорида юз нафар бунёдкорлик мол олиб, мол сотади, арава судрайди ва шу каби кунбай ишларни бажариб, пул топади.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида ишлаб юрган Б. Назировнинг фикрлари билан қизиқдик:

– Яширмайман, пойтахтда, бозорда тирикчилик қиламан,- дейди у. – Қишлоқда иш йўқ-да... Қани эди, иш жойлари очилса, бажонидил ишлардим. Мусофир бўлиб юргандан кўра, оила бағрида тирикчилик қилишга нима етсин?!

Маълумотларга кўра, ҳудудда ёшлар сони 1 минг 178 нафарни ташкил этади. Уларнинг 559 нафари қиз-жувонлар. Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 39 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилди ва 14 нафари иш билан таъминланди. 2 нафарига чорвачиликни ривожлантириш учун кредит олиб бериладиган бўлди. 8 нафар қизга тикув машинаси, 2 нафар ишсиз йигитга пайвандлаш аппарати берилди. Бир неча қизга “Гўзаллик салони” очиш учун кредит ажратилмоқда, асаларичилик ва ғишт ишлаб чиқариш ускунаси харид қилиш учун ҳам ёшларга банкдан кредит расмийлаштириш жараёни бошланган. Лекин, гувоҳи бўлаётганингиздек, бу саъй-ҳаракатларнинг аксар қисми ҳали жараёнда, якунига етмаган. Алалоқибат эса ёшлар бандлиги масаласида эътирофга этишга арзирли натижани ҳозирча “Бунёдкор” йигит-қизлари ўз ҳаёти мисолида кўрганича йўқ.

“Бунёдкор” МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Саодат Алиқулова ушбу масалада шундай дейди:

– Тўғри, бизда бандлик энг ўткир муаммо бўлиб турибди. Муаммо моҳиятини чуқур таҳлил қилиб, дастлаб 72 нафар, кейинчалик 44 нафар хотин-қизни “Аёллар дафтари”га киритдик. 15 нафарига кредит асосида тикув машинаси олиб бераяпмиз. 70 нафари мавсумий ишчи сифатида далаларда пахта тераяпти. Яқинда мурожаат қилган уйсиз, уч болани тарбиялаётган аёлга вилоят ҳокими томонидан 10 миллион сўм пул ажратилди. 10 миллион сўмга уй қуриб бўлмайди, албатта, аммо одамларни ҳашарга чорладик, шу тариқа бир ночор оилага қурилган уй битиб қолди. Қишлоқни айланиб, одамлар билан суҳбатлашиб, шундай хулосага келдикки, бу ҳудуд эътибордан четда қолган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида аниқ бир лойиҳа ишлаб чиқилмагани, уларнинг касб-кори, лаёқати ҳамда нималарга қодирлиги таҳлил қилинмагани боис ҳам бу қишлоқдан кўплаб ёшлар меҳнат мигранти сифатида чиқиб кетмоқда. Ўз билганича иш излаб, бир қисми Тошкентда, бошқаси Қарши ёки Россия Федерациясига кетишга мажбур бўлмоқда. Тўғри, одамлар тирикчилигини ўтказмоқда, бироқ мазкур муаммога шу йўсинда ёндашиб қолсак, камбағалликни қачон қисқартирамиз?

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 октябрь куни Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда “Қашқадарё бизнесменларининг 70 фоизи Тошкентда. Ўзи ҳам, офиси ҳам, пуллари ҳам пойтахтда. Албатта, эркинлик, улар ҳам ўзлари истаган жойда ишлашади. Олдин Қашқадарёда ҳар хил ташкилотлар бор эди, тадбиркорларга кун бермасди. Ҳозир уларнинг ҳаммасини жиловладик-ку, энди қашқадарёликлар қайтишига нима халақит беряпти?” дея воҳанинг энг оғриқли муаммосига урғу берган эди.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?