Бир кўнгил иморати, минг Макка зиёрати

12:22 22 Август 2025 Жамият
155 0

Шоира Назарова — уч фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи мавсумий иш билан машғул. Тўнғич фарзанди Бахтигулнинг ногиронлиги бор. Шофиркон тумани Жўйнав маҳалласида яшовчи бу оиланинг турмуш шароитини қандай қилиб яхшилаш мумкин?

— Маҳалла ижтимоий хизмат ходими Дилдора Қосимова шу саволни ўртага қўйди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси матбуот котиби Зарнигор Нафиддинова. — Оғир шароитда бўлган бу оиланинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида индивидуал хизматлар режасини тайёрлади.

Даставвал Бахтигулга электрон юритмали аравача олиб берилди. Қизнинг қизиқиши, иштиёқи ҳам ҳисобга олинди. Унга мунчоқли безаклар тайёрлаб сотиши, бандлигини таъминлаш учун зарур маҳсулотлар ажратилди. ”Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида у кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматидан ҳам фойдаланмоқда. Синглиси Гулчирой эса спорт тўгарагига жалб қилинди. Оиланинг учала фарзандига бола нафақаси тайинланди. Табиий газ ва электр энергияси учун компенсация тўлови ҳам расмийлаштирилди. ”Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан хонадоннинг уй-жойи таъмирланмоқда.

— Давлатимизнинг бу эътибори, ғамхўрлигидан миннатдормиз, — дейди уй бекаси. — Илоҳим, юртимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Бизни қўллаб-қувватлаб, эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлаганлар барака топишсин.

Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ, бугунги кунда вилоят бўйича 30 та ижтимоий муассаса ҳамда 7 та тиббий-ижтимоий эксперт комиссия давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш билан банд. Айни дамда хизмат турлари сони 49 тадан 109 тага етказилди. Шунинг 71 таси аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишдан иборат.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?