Андижонда 3 та ҳудудда кичик саноат зоналари барпо этилмоқда

10:21 11 Май 2021 Иқтисодиёт
971 0

Давлатимиз раҳбарининг республикамиз бўйлаб ҳар галги сафарлари энг аввало, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ турмушини яхшилаш учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Жумладан, Президентнинг 2020 йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириққа асосан 3 та туманда янги кичик саноат зоналарини ташкил этишга киришилди. Бунинг учун Улуғнор туманидан 2 гектар, Олтинкўл туманидан 1,5 гектар ҳамда Хўжаобод туманидан 5 гектар ер майдонида ажратилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ҳудудларда 4 та сув иншооти қурилиб, 2 км. масофага ичимлик суви тармоғи тортилади, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ директори Шуҳратбек Матмусаев. — Бунинг натижасида саноат ҳудудларига биринчи бўлиб тоза ичимлик суви етиб келади.

Ҳар қандай қурилиш объектида, энг аввало, қулай коммуникацион шароит барпо этиш мақсадга мувофиқдир. Бу табиийки, иш шароити ва унинг сифатини таъминлайди. Ана шу мақсадда ҳукуматимиз томонидан янги барпо этилаётган саноат зоналарига коммуникация тармоқларини тортиш учун 8,7 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг ҳисобидан 4,1 км. га табиий газ тармоғини тортиш ва 11,9 км. га электр энергияси линияси ўтказиш ишлари бажарилади.

Амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар республикамиз иқтисодини янада юксалтиришга хизмат қилади. Яъни, 42,5 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 4,7 млн. АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бунинг учун 43 та тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш ҳисобига 45,9 млрд.сўмлик инвестиция ўзлаштирилади. Амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар натижасида 2021 йилнинг ўзида 915 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?