Андижон вилоятида айни пайтда 72 маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда

13:44 15 Август 2022 Жамият
450 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, замонавий инфратузилмаларни барпо этиш ва шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида айни пайтда Андижон вилоятида 72 маҳаллада кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор йўл, транспорт, тиббиёт, таълим сифатини, табиий газ, ичимлик суви ҳамда электр энергияси таъминотини янада яхшилашга қаратилмоқда. Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмоновнинг маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот олиб бораётгани ушбу жараёнда белгиланган вазифаларнинг тўла-тўкис ижросини таъминлашга, аҳоли таклифлари асосида қўшимча чора-тадбирларни рўёбга чиқаришга туртки беряпти. Ана шундай учрашувлардан бири Шаҳрихон туманидаги «Юзлар» маҳалласида бўлиб ўтди.

— Яшириб нима қилдик, охирги салкам қирқ йил ичида вилоят миқёсидаги раҳбарлардан ҳеч ким маҳалламизда бундай учрашув ўтказмаган, — дейди шу маҳаллада яшовчи Мирсаид ота Абдураҳимов. — Маҳалламизга вилоят ҳокими билан бир қаторда ўринбосарлари, туман ҳокими, сектор раҳбарлари ҳам келишди. Дардимизни, ниятларимизни тинглашди. Маҳалламиз ҳаётида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар жойида ўрганилиб, ижобий ечими кўрсатиб берилди. Шу тариқа бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Бундан, албатта, хурсандмиз.

Дарҳақиқат, ҳозирда маҳалланинг 7 км қисмига янги ичимлик суви тармоғини тортиш, йўлларни асфальтлаш, ҳар бир кўчада ободонлаштириш ишлари қизғин суръатда олиб борилмоқда. 847 та хонадонда истиқомат қилувчи беш мингга яқин аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, доимий даромад манбаига эга қилиш саъй-ҳаракатлари ҳам изма-из давом этяпти.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?