ИИВ академиясида назария ва амалиёт уйғунлиги
![](https://xs.uz/upload/06/1/08%20qomita%20senat/malayziya/akademiya/1831cc03f3033d652248a2e3a2bc3f370206.jpg)
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Ички ишлар вазирлиги академияси мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини етук малакали профессионал кадрлар билан таъминлаб келаётган, замонавий инфратузилма ва салоҳиятга эга таълим муассасаси сифатида эътироф этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 1994 йил 2 сентябрда ташкил этилган мазкур академияда 1994-2024 йиллар давомида ички ишлар органлари учун 20 мингга яқин малакали ёш офицерлар, 1000 нафардан ортиқ раҳбар кадрлар ва 12 мингга яқин сержантлар тайёрлангани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
ИИВ академиясида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун уюштирилган пресс-тур аввалида академия бошлиғининг ўринбосари Шерзод Тожиметов таълим муассасасининг мақсади ва фаолияти ҳақида маълумот берди. Кейинги йилларда ўқув жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, ижобий натижалар тақдимоти ўтказилди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари ахборот-ресурс маркази, ўқув ва амалий машғулот хоналари, спорт секциялари, тураржой масканларида бўлиб, курсант ва тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Мулоқот жараёнида профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган механизмлар, ўқув тергов-тезкор гуруҳлари фаолияти, замонавий криминалистик лабораториялар, хориж тажрибасини ўрганиш ва ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Академия кундузги таълим бакалавриатида 8 йўналишда — тезкор-қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, жазони ижро этиш, хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш, ташкилий-штаб, пробация фаолиятлари ҳамда ахборот хавфсизлиги мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда.
— Жорий йилдан бошлаб академияда киберхавфсизлик соҳасида илғор кадрлар тайёрлаш бўйича янги мутахассислик йўналиши учун қабул очилди, — дейди ИИВ академияси ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жўраев. — Бундан ташқари, илғор хорижий тажриба ва инновацион педагогик технологияларни татбиқ этиш орқали таълим сифатини ошириш мақсадида академия қошида етакчи хорижий олий таълим ташкилотларининг юқори малакали мутахассисларидан иборат ўқув-методик кенгаш фаолияти йўлга қўйилди.
Таълим самарадорлигини ошириш, курсантларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашга бўлган иштиёқини кучайтириш, етук билим ва салоҳиятли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ички ишлар вазири стипендияси, Жалолиддин Мангуберди номидаги стипендия, Чўлпон номидаги стипендия, “Иқтидорли курсант” ҳамда “Академия аълочиси” кўкрак нишонлари таъсис этилган.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил қилинган пресс-тур оммавий ахборот воситалари вакилларида катта таассурот қолдирди.
Мунира РАҲИМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг