«Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда

18:04 29 Январь 2026 Иқтисодиёт
1161 0

Сингапурнинг «Humans Mobile Ltd.» компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан юзлаб миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизматига таяниб, «Spot» хабар берди.

Манбага кўра, жорий йилнинг 20 январь куни «Humans» таъминот чораларини қўллаш бўйича Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказда (ИНҲҚХМ)га илтимоснома киритган. Даъвогар якуний қарор чиқарилгунига қадар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида вақтинчалик чоралар кўришни сўрамоқда.

Даъво аризасига асос сифатида 2003 йил 15 июлда имзоланган ва 2003 йил 23 ноябрда кучга кирган Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасидаги инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим қоидаларининг бузилгани келтирилган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати бир қатор давлат органлари ва компаниялари, жумладан Марказий банк ва Ўзбектелеком, шунингдек судлар, прокуратура ҳамда «Ўзбекистон ҳукмрон элитаси аъзолари»нинг хатти-ҳаракатлари орқали «бизнесга тизимли равишда зарар етказмоқда».

Компания Ўзбекистондаги бизнесига етказилган зарар учун компенсация талаб қилмоқда. Компания зарар миқдорини аниқ кўрсатмаган ҳолда, уни юз миллионлаб АҚШ доллари деб баҳоламоқда.

«'Humans Mobile' Ўзбекистонга замонавий рақамли инфратузилма барпо этиш мақсадида кириб келган. Биз капитал, технологиялар, тажриба ва жамоамиз садоқатидан иборат муҳим узоқ муддатли мажбуриятларни зиммамизга олганмиз. Ҳукумат ҳаракатлари ўтган йилга нисбатан тез ўсишимизга тўсқинлик қилди ва сезиларли зарар етказди», деган «Humans Group» бош директори ва асосчиси Владимир Добринин.

Унинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг Сингапур билан тузган битимига кўра инвестицияларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлиги бўйича мажбуриятларини бузишдир.

«Биз иқтисодий йўқотишларимизни қоплаш ҳамда инвесторлар учун прогноз қилиш имконияти ва ҳуқуқий аниқликни сақлаб қолиш мақсадида адолатли компенсация талаб қилмоқдамиз» дейди у.

«Humans Mobile Ltd.» компаниясининг даъвоси ИНҲҚХМ томонидан рўйхатга олинган бўлиб, шу йилнинг 7 январь куни уч кишидан иборат арбитраж таркиби тузилган. Мазкур арбитрлар:

Сер Дениел Бетлехем — Маъмурий кенгаш раиси томонидан арбитраж раиси этиб тайинланган;

Анна Хоффман — «Humans» (даъвогар) томонидан кўрсатилган;

Хорхе Э. Виньюалес — Ўзбекистон (жавобгар) томонидан кўрсатилган.

Қайд этилишича, «Humans» манфаатларини «Peter & Kim» халқаро юридик фирмаси, Ўзбекистон томониникини эса «Curtis Mallet-Prevost Colt & Mosle» юридик фирмаси ҳимоя қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?